Олийгоҳ танлаш боти
Ўзбек ▾
O'zbekЎзбекРусскийIngliz tili
Янгиликлар

Янги Тошкентда халқаро фуқаро авиацияси университети ташкил этилади

Янги Тошкентда халқаро фуқаро авиацияси университети ташкил этилади

Расм сунъий интеллект ёрдамида яратилган

Президент Шавкат Мирзиёев транспорт-логистика соҳасидаги инвестор ва тадбиркорлар билан учрашувда Ўзбекистон халқаро фуқаро авиацияси университетини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Университет қандай бўлади

Бунинг учун Янги Тошкент ҳудудидан 20 гектар ер ажратилади. Университет ҳудудида замонавий кампус, ўқув-симуляция ва илмий-тадқиқот марказлари жойлашади.

Университетни АҚШнинг «Embry-Риддле», Франциянинг «ENAC» каби етакчи авиация таълим марказлари билан ҳамкорликда ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, унинг қошида авиация техникуми очилиши кўзда тутилган.

Авиакомпаниялар учун имтиёзлар

Маҳаллий учувчиларни тайёрлаш ва ишга олиш мажбуриятини олган авиакомпанияларга алоҳида имтиёзлар берилади:

  • улар жалб қилган хорижлик мутахассислар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади;
  • бундай мутахассисларга рухсатнома бериш учун йиғим 30 баравар камайтирилади.

Давлат раҳбари яратилаётган шароитлар ҳисобига ҳаво кемаларининг сонини келгуси йилда 150 тага, 2030 йилга қадар камида 250 тага етказиш вазифасини қўйди.

Халқаро аэропортларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида улар 2030 йилгача мол-мулк ва ер солиқларидан озод этилади. Тежалган маблағларни аэропортлар инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтириш шарт бўлади.

Режа аввал ҳам айтилган эди

Фуқаро авиацияси университетини ташкил этиш режаси президентнинг 2025 йил 26 декабрдаги парламент ва халққа мурожаатномасида ҳам эълон қилинган. Ўшанда янги самолётлар учун учувчилар, техник хизмат кўрсатувчилар ҳамда аэропортлар учун сервис ва бошқарув соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш мақсади айтилган.

2026 йил 2 февралда эса президентга авиация соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, жумладан, университет ва унинг қошида техникум ташкил этиш ишларининг бориши ҳақида ахборот берилган.

Абитуриентлар учун бу авиация йўналишида янги ўқиш имконияти пайдо бўлишини англатади. Қабул шартлари ҳозирча эълон қилинмаган.

Манба: Президент маълумоти

Улашиш: Telegram Facebook
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлингБизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг Обуна бўлинг