Бу ҳақда The Moscow Times манбага таяниб хабар берди.
Бу қарор мактабгача таълимдан тортиб 12-синфгача амал қилади. Янги фанни келгуси ўқув йилидан бошлаб мамлакатдаги барча давлат таълим муассасаларида ўқитиш бошланиши ҳақида маълум қилинган. Ушбу режа ҳақида БАА Бош вазири ва витсе-президенти Шайх Муҳаммад бин Рашид Ал Мактум ўзининг Х ижтимоий тармоғи саҳифасида хабар берган.
У ушбу-ташаббусни Амирликларининг узоқ муддатли стратегиясининг бир қисми сифатида, ёш авлодни келажакдаги технологик дунёга тайёрлаш мақсадида амалга оширилаётганини таъкидлаган.
“Бизнинг мақсадимиз — болаларга сунъий интеллектнинг фақат техник жиҳатларини эмас, балки ушбу технология билан боғлиқ ахлоқий масалаларни ҳам тушунтиришдир. Биз улар учун маълумотлар, алгоритмлар, иловалар, СИ нинг ижтимоий ва кундалик ҳаётга таъсири, хавфларини ва унинг таъсирини таҳлил қилишни хоҳлаймиз”, — деди Шайх Муҳаммад.
Khaleej Times маълумотига кўра, БАА Таълим вазири Сара бинт Юсуф Ал Амири, ўз навбатида, янги ўқув дастурида асосий йўналишлар, жумладан сунъий интеллектнинг асосий тушунчалари, маълумотлар ва алгоритмлар билан ишлаш, дастурий таъминотларни қўллаш, СИ соҳасидаги ахлоқий масалалар, технологияларни амалий қўллаш, инновациялар ва СИ ёрдамида лойиҳалаш, сунъий интеллект сиёсати, технологик ривожланиш билан боғлиқ ижтимоий ташаббуслар бўйича дарслар ўрганилишини қайд этган.
Вазир шунингдек, ўқитувчиларга тўлиқ методик ёрдам кўрсатилишини ваъда қилган. Яъни уларга тайёр дарс режалари, шаблонлар, вазифалар ва турли таълим форматларига мослаштирилиши мумкин бўлган воситалар тақдим этилади.
“Бизнинг масъулиятимиз — болаларни ўз замонимиздан фарқли бўлган даврга тайёрлашдир. Уларни келажакдаги ўн йилликларда мамлакатнинг барқарор ривожланиши ва тараққиёти учун зарур бўлган кўникмалар билан таъминлашимиз керак”, — деб ёзган Шайх Муҳаммад ўз мурожаатида.
2024 йили Дубай мерининг вориси Шайх Хамдан бин Муҳаммад сунъий интеллект соҳасида малакага эга бўлган ўқитувчиларни ОАА мактаб тизимига киритиш тўғрисида эълон қилган эди.
Шу билан бирга, ўқитувчиларни сунъий интеллектни ва унинг амалий имкониятларини қўллаш бўйича кенг қамровли ўқув дастури ишга туширилган. Ушбу чоралар ДУБ.АИ сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси доирасида амалга оширилмоқда.
#Янгиликлар