Миллий сертификат имтиҳонига рўйхатдан ўтиш 21-ноябрдан бошланади: жойлар сони чекланмайди

Расм сунъий интеллект ёрдамида яратилган
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги умумтаълим фанларидан миллий сертификат имтиҳонлари бўйича янги маълумот эълон қилди. Унда натижаларни эълон қилиш муддати ва навбатдаги имтиҳонга рўйхатдан ўтиш тартиби баён этилган.
Натижалар қачон эълон қилинади
Агентлик маълумотига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2020-йил 12-октябрдаги 646-сон қарорига мувофиқ тест натижалари имтиҳон якунланган кундан бошлаб 21 иш кунидан кечикмай, халқаро методика — Раш модели асосида ҳисобланади ва эълон қилинади. Шу қоидага кўра, натижалар ноябрь ойининг охирида чиқиши керак эди. Бироқ талабгорларга қулайлик яратиш мақсадида натижаларни ертароқ эълон қилиш режалаштирилган.
2026-йил 23-, 24-, 25-, 26- ва 31-октябрь кунлари она (ўзбек, рус, қорақалпоқ) тили ва адабиёт, тарих ҳамда география фанларидан ўтган имтиҳонлар натижалари кун якунигача my.gov.uz сайтида эълон қилинади.
Навбатдаги имтиҳонга рўйхатдан ўтиш
Шу фанлардан кейинги имтиҳонда қатнашмоқчи бўлганлар учун жадвал қуйидагича:
- онлайн рўйхатдан ўтиш — 21-ноябрдан 4-декабргача, my.gov.uz сайти орқали;
- тўловни амалга ошириш — 5-декабргача.
Жойлар сони белгиланмайди
Авваллари 2026-йилнинг иккинчи ярмида имтиҳон саналарини олдиндан аниқ белгилаш ва имтиҳонларни сифатли ташкил этиш мақсадида ҳудудлар бўйича ўтказиш жойлари сонини белгилаш ҳамда шунга қараб талабгорларни рўйхатга олиш назарда тутилган эди. Агентлик бу ҳолат кўпчилик томонидан нотўғри талқин қилинаётганини билдирди. Шу сабабли навбатдаги имтиҳон учун рўйхатга олиш жойлар сони белгиланмаган ҳолда амалга оширилади.
Имтиҳон қайси санада ўтказилиши рўйхатга олиш якунлангач, талабгорлар сони ва ҳудудлар кесимидаги тақсимотига қараб белгиланади. Сана имтиҳон бошланишидан 7 кун олдин эълон қилинади.
Талабгорларга рўйхатдан ўтиш ва тўлов муддатларини ўтказиб юбормаслик ҳамда имтиҳон санасини my.gov.uz орқали кузатиб бориш тавсия этилади.