Янгиликлар 27/12/2024 “Бўлажак академик” лойиҳаси аъзолари тақдирланди

  Бугунги кунда ҳар бир тадқиқотчи ва олим учун халқаро илмий майдоннинг ажралмас қисми бўлиб қолган илмий мақолалар тайёрлаш жараёни муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу боис, илмий ишланмаларни халқаро стандартларга мослаштиришда ёрдам берадиган лойиҳаларга талаб ортиб бормоқда.

 Илмий мақолаларни халқаро стандартларга мос тайёрлаш бўйича қўлланмалар ва тавсияларни тақдим этиш, шунингдек, дунё миқёсидаги нуфузли илмий нашриётлар ҳақида маълумотлар базасини шакллантиришни мақсад қилган. “Бўлажак академик” лойиҳаси жорий йилнинг сентябрь ойида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Британиянинг Clarivate компанияси ҳамкорлигида айнан шу мақсадни кўзлаб ташкил этилган. Лойиҳанинг асосий жиҳати шундаки, у барча тадқиқотчиларга беғараз ёрдам кўрсатмоқда.

Лойиҳанинг илм-фанга қуйидаги йўналишларда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда:

  • Лойиҳада илмий мақола тузилмаси, тадқиқот услублари, маълумотларни статистик таҳлил қилиш ва халқаро нашрлар талабларини тушунтиришга оид материаллар тақдим этилмоқда.
  • Лойиҳада энг нуфузли халқаро илмий журналлар ва уларнинг талаблари ҳақида батафсил маълумот берилиб, бу тадқиқотчиларга ўз мақолаларини тўғри платформада нашр қилишга ёрдам беради.
  • Ҳар бир тадқиқотчи ўз мақолаларини ёзиш ёки нашр этиш жараёнида дуч келадиган муаммолар бўйича маслаҳат олиш имкониятига эга.

  “Бўлажак академик” лойиҳаси – илм-фан ва таълим соҳаларини ривожлантиришга қаратилган инновацион ташаббус бўлиб, у янги авлод тадқиқот усулларини жорий этишни ва замонавий технологияларни таълим жараёнига интеграция қилишни мақсад қилган. Ушбу лойиҳа ёш олимлар ва тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш, фанлараро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда илғор ғояларни амалиётга татбиқ этиш орқали жамиятни интеллектуал тараққий эттиришга хизмат қилади.

 Innoweek-2024 доирасида ушбу лойиҳа жамоасининг инновацион ёндашуви ва фаол иштироки эътироф этилиб, алоҳида мукофот билан тақдирланган. Бу эса лойиҳа доирасида амалга ошириладиган ишлар илмий ҳамжамият учун улкан аҳамият касб этишини яна бир бор тасдиқлайди.         

  Ушбу лойиҳа, ёш олимлар ва илмий фаолиятини эндигина бошлаган тадқиқотчилар учун жуда ҳам фойдали ҳисобланади. Халқаро илмий журналлар билан ҳамкорлик қилишнинг мураккаб қоидаларини ўрганиш кўпинча кўп вақт ва ресурс талаб қилади. Шу боис, лойиҳанинг мақсади ушбу жараённи осонлаштириш ва барча тадқиқотчиларнинг халқаро илм-фанга ҳисса қўшишларига имкон яратишдир.

  Бўлажак академик ижтимоий лойиҳа нафақат илмий тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлашни, балки илм-фан ривожига ҳисса қўшишни олдига мақсад қилган ижтимоий лойиҳадир. Илмий фаолиятни халқаро майдонга олиб чиқишда бундай лойиҳаларнинг ўрни беқиёсдир. Бу лойиҳа орқали минглаб тадқиқотчилар ўз мақсадларига эришиши ва илмий ҳамжамиятга муносиб ҳисса қўшиши мумкин.

 

 

 

 

#Янгиликлар  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг