Ҳамма яхши нарсалар болаларга, деган шиор барча мамлакатларда жаранглайди. Бутун дунёнинг диққат эътибори бугунги кунда “ҳаёт гуллари” – яъни болаларга қаратилган. Болалар учун маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи саноат ва корхоналар эса миллиардлаб даромад олмоқда.
Фарзандларини ҳеч кимдан кам қилмай ўстириб тарбиялашни ҳар бир ота-она истайди. Бироқ болаларнинг ўзлари ҳаётларини қандай баҳолайдилар? БМТ нинг болалар фонди вакиллари дунёнинг 29 та мамлакатларининг болаларига “Ҳаётингиз сизни қанчалик қониқтиради?” деган савол билан мурожаат қилдилар. Ва турли мамлакатлардаги болаларнинг берган жавобларидан келиб чиқиб, энг бахтли болалар яшайдиган мамлакатлар рўйхатини туздилар. Келинг, шулардан ўнтаси билан танишамиз.
1-ўрин – Нидерландия

Кичик ёшдаги голландияликлар учун уларнинг мамлакати – тақиқлардан ҳоли бўлган жаннатнинг ўзгинасидир. Голландияликлар азал-азалдан эркинликни яхши кўрадилар, шунинг учун ҳам фарзандларини ҳеч нарсада зориқтирмайдилар ва ҳеч бир ишда раъйларини қайтармайдилар. Таълим-тарбия борасида ҳам болаларига босим ўтказмайдилар. Голландияда ҳаттоки оилавий йиғилишларда ҳам охирги қарорни болалар қабул қиладилар. Шунинг учун ҳам кичик диктаторлар ўз мамлакатларида шод-хуррамликда ҳаёт кечирадилар.
2-ўрин – Исландия

Исландияда ҳам анъаналар худди Голландиядек, фақат бу ер жуда совуқ. Айнан ана шу омил “гейзерлар ороли” деган иккинчи номга эга мамлакатга рўйхатнинг биринчи ўридан жой олишга халал берди. Болаларга бу ерда бир талай эркинликлар яратилган. Оталар кўп ишлайдилар, оналар эса рўзғор ишлари билан бандлар, фарзандлари эса вақтларининг кўп қисмини боғча ва мактабларда ўтказадилар. Лекин шунга қарамай болалар ўзларини жуда эркин ва бахтиёр ҳис этадилар.
3-ўрин – Испания

Бу мамлакат оила маданияти билан рўйхатимизнинг учинчи ўрнидан жой олмаслиги мумкин эмас. Испанияда болаларни аллада азиз, тўрвада мағиз қабилида ардоқлаб эркалаб катта қиладилар. Ота-оналар фарзандларини ҳеч ҳам бир ўзларини уйда ёлғиз қолдирмайдилар, мактабга ҳам болалар 12 ёшга етгунга қадар бир ўзлари бормайдилар. Болалар боғчаси ёки мактабдан қўнғироқ қилиб, боланинг яқинларини чақириб қолишлари мумкинлиги учун кимдир – кўпинча бобо ёки бувилар доимо тайёр турадилар. Бола бир соатгина қаровсиз қолса, ҳушёр одамлар албатта полицияни чақирадилар. Албатта бундай пайпаслашлар остида катта бўлган болалар ёмон яшамайдилар.
4-ўрин – Финляндия

Бу мамлакат таълим тизими туфайли ушбу рўйхатдан жой олди. Бошланғич мактаб ўқувчиларига баҳо қўйилмайди, уй вазифаси берилмайди, ҳар хил тестлар билан қийнашмайди. Қандай ажойиб!
5-ўрин – Греция

Бу мамлакат ҳам худди Испанияга ўхшайди, у ерда ҳам ота-оналар фарзандларини пайпаслаб катта қиладилар то уйлангунларига қадар. Греция Испаниядан апельсинларининг нордонлиги билангина фарқ қилади.
6-ўрин – Белгия

Белгия дунёда шоколадлари билан шуҳрат қозонган мамлакатдир. Бу ерда болалар ширинликларни бемалол ҳеч қандай тақиқларсиз истеъмол қила оладилар. Бундан ташқари кичкинтойларнинг мустақиллиги таҳсинга лойиқ. Шапкани хоҳласа кияди, хоҳламаса йўқ, ота-она айтаётган бўлса ҳам, бола ўз билганидан қолмайди. Балки уларга танбеҳ бериш керакдир? Нималар деяпсиз, бундай нарса у ерда асло содир бўлиши мумкин эмас.
7-ўрин – Норвегия

Норвегияда болалар ўйинчоқлари, хоббилари, спорт турлари ўғил бола ёки қиз боланики деб ажратилмайди. У ерда “Йиғлама, ахир сен ўғил боласан” ёки “Нималар қиляпсан, ахир сен қиз боласан”, деган сўзларни ҳеч ким ишлатмайди. Болалар хоҳлаган нарсаларга қизиқадилар, ҳис туйғуларини хоҳлаганча кўрсатадилар, хоҳлаган ўйинчоқларини ўйнайдилар. Уларга ёқса бўлди, ҳеч ким тўсқинлик қилмайди.
8-ўрин – Шветсария

Шветсария аниқ соатлар ва ишончли банклар мамлакатидир. Шу билан бирга бу ерда болалар ҳали мактабга чиқмай туриб, пансионатларга жойлашадилар ва шунга қарамай у ерда ўзларини эркин ҳис қиладилар. Албатта, ахир 7 ёшгача болалар учун мўлжалланган бу пансионатда болалар ҳеч қандай дарс қилмайдилар, ҳарф ўрганмайдилар, карра жадвал ёдламайдилар. Бу пансионатдаги болалар таълим тарбияни қизиқ ўйинлар, турли ҳаракатлар, табиатни кузатиш, ўйин кулги орқали оладилар. Дарвоқе, Песталотсси, Рудолф Штайнер, Мария Монтесорри каби педагоглар айнан Шветсарияда яшаб ишлаганлар.
9-ўрин –Эстония

UNICEF маълумотига кўра, сўровда иштирок этган Эстониялик кичкинтойларнинг 86% и оналари билан жуда яхши тил топиша оладилар. Ва шу омил туфайли Эстония бахтли болалар яшайдиган мамлакатлар 10 талигидан жой олди.
10-ўрин – Словения

Бу мамлакат аҳолиси ўз яқинларига нисбатан бўлган ҳис-туйғуларини ҳеч қачон ошкор этмайдилар, шу жумладан кичкинтойларга. Бироқ муносабатлардаги бу совуққонлик кичкинтойлар қалбидаги бахт ҳиссини сўндира олмайди. Бу ердаги болалар жуда бахтлидирлар.
Тўпловчи Маъмура Тўраева
#Мақола