Мақолалар 01/01/2025 Имтиҳон менга байрам (ёхуд сиз билмаган 10 та шпаргалкалар)

   Ҳар бир ёки деярли ҳар бир мактабда ёки олий ўқув юртида ўқиган одам шпаргалкалар билан беихтиёр бўлса-да тўқнашган. Айримлар, аниқроғи, кўпчилик ҳатто улардан фойдаланган ҳам. Мен фойдаланмаганман демоқчимисиз?

  Йўғ-э!!! Ростдан-а? Майли, ишондик, деб ҳисоблаймиз. Хуллас, бугунги мавзумиз – 10 нафар энг ўзига хос шпаргалкалар тўғрисида. 

   Миттигина тахланган қоғоз тасмалари, “гармошкалар”, классик усулдаги ручка билан қўл кафтига туширилган ёзув – бунинг ҳаммаси нафақат ўқувчиларга, балки муваффақият билан ўқитувчилар томонидан фош этиладиган шпаргалкаларнинг вариантлари. Шпаргалкалардан фойдаланиш тажрибаси билан ҳатто юзаки танишиш ҳам шуни кўрсатадики, ҳақиқий оригинал, умуман билинмайдиган, ўта айёрлик билан ихтиро қилинган, шунинг учун ҳам жуда юқори самарали шпаргалкалар жуда ҳам кўп бўлмаган. 

  Аммо, тарихдаги бундай шпаргалкалар кўпчилик ўқув марказларидаги музейларида нафақат оддий экспонат, балки фахрланиш учун сабаб ҳам бўлиб қолган. Ҳамма жойдаги бўлгани каби айёрлик билан кўчириб олиш соҳасида ҳам ўзининг классиклари мавжуд. Тарих уларнинг исмларини сақлаб қолмаган бўлса ҳам уларнинг иши ҳамон яшаб келмоқда.

  Бу шпаргалкалар рейтингини танлашдаги мезонлари фақатгина уларнинг ихтиролилиги эмас, самарадорлиги, ишлатилишининг имкони ва қулайлиги ҳисобга олинган.

10. Бадандаги ёзувлар

  Бир қарашда, қўл кафтидаги энг оддий ёзувдан осонроқ нарса йўқдай кўриниши мумкин. Кўпчилик шундай қилган ва бу ерда таажжубланарли ҳеч нарсанинг ўзи йўқ. Аммо бу фақат биринчи қарашда шундай туюлади,  ахир шпаргалкаларнинг  бундай турлари билан танишиш ҳамма нарса жуда оддий эканлиги устида эскидан олиб борилган кузатишнинг яна бир бора тасдиқланишидир. Масалан, “шпора”ни бармоқлар орасига ёки керакли тенгламаларни ўта майда шрифт билан бармоқ учидаги ёстиқчаларга ёзиб олиш ҳаёлингизга келганми?

 Бундай тарздаги шпаргалкалар борасида қизларнинг имкониятлари анча кенгроқ. Нимага дейсизми? Уларнинг гардеробини ҳисобга олганда юбка остида тиззага ёзиб олиш имкони вужудга келади. Кўпчилик қизлар шундай имкониятни бой бермай фойдаланганлар ҳам. Бироқ бу усул бугунги кунда эскириб қолиб, ўз самарасини йўқотган. Чунки “лочинкўз” ўқитувчилар фақат эркаклар қаторидан бўлиши шарт, деган қонун-қоида ҳеч қаерда йўқ! 

  Имтиҳонда назоратчилик қилаётган бирор аёл ўқитувчи бундай “шпаргалка”дан фойдаланаётган қизни алоҳида хонага таклиф қилиб, текширув ўтказса у қиз нафақат имтиҳондан четлатилади, бундан ҳам ёмони - унинг пок номига бир умрга  доғ тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Ҳозирги пайтда анча замонавийроқ вариант вужудга келган, энг инновация “инновация”лардан бири бўлган “ноу-хау” – шпаргалкали маникюр. Бир сўз билан айтганда ижод учун майдон бор, уни фақат ўзлаштириш қолди холос. 

  Плюс томонлари: ўзи билан олиб кириб кетиш, дарҳол яшириб қўйиш жуда осон, кўчириб олиш имкони жуда баланд.

  Минус томонлари: бадан терисига зарар етказиб қўйиш мумкин, ёзиш учун “материал” чекланган, йигитларга камроқ тўғри келади.

9. Пинҳона “бомба

   “Бомба” деб саволларга олдиндан тайёрлаб қўйилиб имтиҳон ёки назорат иши пайтида ўзининг иши сифатида топширилувчи шпаргалкага нисбатан айтилади.

   Бундай “шпора”ни тайёрлашнинг бир неча услублари мавжуд. Масалан, матн ёзмайдиган ручка билан олдиндан ёзиб чиқилади, имтиҳонда эса шу ёзув изидан ёзадиган ручка билан юритилади. Яна бир варианти: иккита оқ қоғозни устма-уст қўйиб устидаги қоғозга жавобларни ёзиш керак. Ёзаётган пайтда ручка шиддатли босим билан босиб ёзилади. Устидаги қоғоз ташлаб юборилади, “оппоқ” қоғоз эса имтиҳон пайтида ундаги излар бўйлаб яхши ёзадиган ручкада юритиб чиқилади.

   Плюс томонлари: юқори самарадорлик.

 Минус томонлари: фақатгина ҳамма билетларнинг саволларига аниқ жавоблар борлигида ишлатиш мумкин; ишни гербланган муҳрли варақларда ёзилиши шарт бўлган тақдирда ундан фойдаланиш жуда қийин.

8. Бекинмачоқ

  Гоҳида шпаргалкани ичкарига олиб кириб кетиш ундан кўчириб олишдан кўра анча қийинроқ: шахсий нарсаларни бир жойда қолдиришни талаб қилинади, телефонларни ўчириб биринчи партага йиғиб олинади ёки умуман олиб кириш тақиқлаб қўйилади, шу каби ва ҳоказо. Бундай пайтда шпаргалкани пойабзалнинг пошнасида яшириб қўйиш усули ёрдамга келади. Бу пировардида кўчириб олиш имкони бўлади, деган гап эмас, албатта. Бироқ ўз захираларингиз борлиги ва ихтирочилигингизга нисбатан сал бўлса-да оптимистик кайфият бахшида қилади. Шу ўринда, агар материал ҳамда ранги имконини берса пойабзалнинг тагчармида ёзилган шпаргалкани ҳам айтиб ўтиш керак.

  Плюс томонлари: шпаргалкани ичкарига олиб кириш имкон даражаси 100% га тенг.

  Минуси: қўлингиздан келмаса севимли пойабзалингиз билан хайрлашишга тўғри келади, ундан фойдаланиш ноқулайлик туғдириши мумкин.

 

7. Жосуслик иштиёқи

   Бу мавзувий блогда биз атиги 15-20 йиллар аввал фақат жосуслар тўғрисидаги оммабоп бадиий фильмларда учратиш мумкин бўлган техник мосламалар ёрдамида кўчиришнинг бир неча услубини бирлаштирдик. Бугунги кунда қуйида санаб ўтилган воситалар билан бировни лол қолдириб бўлмайди.

  Кейинги пайтларда ўта оддий ва жуда арзон кўзга кўринмас сиёҳли ручкалар жуда оммалашиб кетган. Унинг ёрдамида ёзилган матн бир дақиқадан кейин йўқолиб кетади. Ундаги ёзувни ушбу ручканинг бошқа учида жойлашган махсус фонарчани ёритган ҳолдагина кўриш мумкин.

  Микроқулоқчин ҳамда телефон билан бирга Bluetooth технологияси ёрдамида яна бир фойдали гаджет - ГПС-ручкани ҳам айтиб ўтиш мумкин. Унинг ичига жойлаштирилган микрофони бор (бу ташқаридаги одамга саволни ўқиб бериш, кейин эса микроқулоқчинлар ёрдамида жавобларни эшитиб бемалол ёзиб олиш имконини яратади). Кўпчилик замонавий органайзерлар, ташқи кўринишидан оддий калькуляторлардан фарқ қилмайди (кўп жойларда имтиҳон пайтида калькуляторлардан фойдаланиш тақиқланмаган). Уларнинг хотирасига етарлича маълумотни жойлаштириб олиб, ундан “қонуний” фойдаланиш мумкин.

 Плюс томонлари: билинтириб қўймаслик имкони, самарадорлиги жуда юқори, катта ҳажмдаги маълумотлар базаси билан ишлаш имкони мавжудлиги.

   Минус томонлари: жуда қимматлиги, техник бузилиб қолиш, ҳамма жойда ҳам фойдаланиш имкони йўқлиги.

6. Митти шпаргалка

  Имтиҳонда кўчириш борасида ўқитувчилар билан бўлган интервьюларда улар кўпинча тасаввурга сиғмайдиган жойларга яшириб қўйилган шу қадар митти шпаргалкалар тўғрисида гапирганларки, беихтиёр ҳайратда қоласан, киши. Энг кўп учраган ҳолларда бири - аёллар узуги кўринишида яширинган шпаргалка тайёрлашдир. Бунинг учун муқова сифатида тепадан қандайдир бир қопқоқ ишлатилади ва бу узук учун кўз безаги сифатида кўринади. Бундай узукни ўз қўли билан тайёрлашни ҳар ким ҳам эплай олмайди, шунинг учун ҳам тайёр вариантини сотиб олиш анча фойдалироқ.

  Уддабуронликнинг янада ўтиб тушган кўриниши оддий ўчирғичдан шпаргалка. Бу шпаргалканинг муаллифи ўчирғичнинг фақат қобиғини қолдириб ичида ўзига хос чуқурча ўйиб чиққан. Ҳосил бўлган ковакнинг ичига бир неча варақли “шпора”ни жойлаштирилиб, энг устки юзаси ўчирғичнинг рангига бўяб қўйилган.

   Плюс томонлари: 2 нарса 1 нарсанинг ичида – бир вақтнинг ўзида ҳам шпаргалка, ҳам уни дарҳол яшириш имкони.

  Минус томонлари: тайёрлаш қийинлиги, ўта митти ўлчовлар.

5. Канцелярия анжомлари

   Мана бу ерда фантазия ва ижод учун жуда кенг майдонлар мавжуд. Ҳаммага таниш бўлиб қолган шпаргалка билан ўқланган оддий ручкадан ташқарида ишлатилиши тақиқланмаган нарсалардан шпаргалкалар тайёрлашнинг кўпдан-кўп усуллари бор. Масалан, чизғичга тенгламаларни игна билан ёзиб чиқиш, ёки қоғозли “шпора”ни маркернинг бўм-бўш трубаси каби канцелярия анжомларининг ичига яшириб қўйиш мумкин.

  Бироқ, ҳайратга солувчи воқеа бутунлай бошқа. Бургани тақалаб қўйган Чапақай тўғрисидаги ривоятни эшитган бўлсангиз керак. Шубҳасиз, бу заргарона нафислик билан бажарилган иш. Мана яна бир номаълум муаллиф шундай қиммати мисолдан илҳомланиб оддий қаламда 10 дан ортиқ масаланинг ечимини ўйиб чиққан! Охир-оқибат ўқитувчи буни пайқаб қолган, аммо шу даражадаги қунт, ҳафсала ҳамда ниҳоятда улкан сабр билан бажарилган иш ўқитувчининг ғазабини эмас,аксинча, ҳайратини уйғотган ва бу иш “аъло” баҳо билан баҳоланган.

  Плюс томонлари: ўзи билан олиб ўтиш осон, яширинмай фойдаланиш мумкин, билиниб қолганда жуда қатъий чора кўрилмаслиги мумкин.

  Минус тарафлари: тайёрлаш жараёнининг жуда мураккаблиги, шпаргалка учун жойнинг чекланганлиги.   

 

4. Ақлли соатлар

  Бу техник мослама тўғрисида бир қатор сабабларга кўра маълумот бермоқчимиз. Биринчидан, юқори технологиялар даврига ва унинг ҳаётимизнинг ҳар бир доирасига, шу жумладан кўчириш каби оддий бир нарсага ҳам таъсирига яна бир бор юксак эҳтиромни изҳор этиш.

   Иккинчидан, ақлли соатлар (инглизча - смарт wатч) кўпчилик, шу жумладан имтиҳон қабул қилаётганлар ҳам ҳали яхши таниш бўлмаган нарсалардан бири. Бундай нарсадан ақлни ишга солга ҳолда фойдаланган тақдирда имтиҳонни муваффақиятли топшириш эҳтимолини орттириб юборади.

  Бу мослама техник жиҳатдан замонавий смартфонларинг айрим вазифаларини бажариш қулайлиги учун мўлжалланган. Бизни қизиқтираётган мавзу нуқтаи назаридан энг муҳими бу хабарлар ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш имконидир. Бундай ҳолда кўчириб олиш – эпчилликка боғлиқ. “Шпора”ни яшириш жуда ҳам осон, мосламага бир марта боссангиз бас – унинг дисплейида соат сиферблати акс этиб туради.

  Қўл соатлари кўринишида уяли алоқа телефонлари ҳам мавжуд. Улардаги вазифалар тўплами янада кенгроқ. Бу кўчириб олиш учун қўшимча имкониятларни яратади.

  Плюс томонлари: самарадорлик, техник шпаргалкаларнинг ҳамма имкониятлари мавжуд, ўқитувчида ортиқча савол туғдирмайдиган ташқи кўриниши.

  Минус томонлари: нархи, замонавий мобил алоқа воситалари билан мутаносиб равишда ишлайди.

 3. Жавобларга тўла ручка

   Бу сарлавҳа остида ўта қизиқ ва ягона ҳодиса яширинган. Уни биз ноёблиги туфайли, алоҳида бир банд сифатида ёритишга ва шу билан инсоннинг топқирлиги ҳамда ихтирочилигига ҳурматимизни акс эттиришга қарор қилдик.

  Имтиҳонлардан бирида икки ёш талаба жуда ўзига хос услубда жавобни кўчириб олишга қарор қилган.

  Улар 60 дона бир хил ручка сотиб олиб, ҳар бирининг қопқоғида билетларнинг рақамларини, ручкаларнинг ўзида эса жавобларни ўйиб-тирнаб ёзиб чиққан. Шундан кейин талаб этиладиган нарса кўриш қобилиятининг яхшилиги ва керакли ручкани рюкзакдан аниқ танлаб олиш. Бир қарашда, ғоя янги эмасдек, аммо унинг амалий қўлланилиши ҳамда сабр-қаноат энг камида юқори баҳога сазовор.

   Плюс томонлари: самарадорлик, билинмаслик.

  Минус томонлари: мураккаблиги.

2. Газланган сув бутилкаси

  Ўз вақтида бундай шпаргалка Германиядаги бир университет музейида алоҳида ҳурматга сазовор ўринни эгаллади. Ҳақиқатдан ҳам, шу тарзда биринчи бўлиб шпаргалка тайёрлаган одамда фикрлаш қобилияти аъло даражада эди. Ғоянинг мазмуни шунда эдики, “Cоcа-cола” бутилкасидаги ичимликнинг таркиби ва бошқа техник маълумотлар ёзилган этикеткаси компьютер график редактори ёрдамида керакли мавзудаги шпаргалка этикеткасига алмаштирилган. Ўзингиз ўйлаб кўринг, имтиҳон олаётган ўқитувчи парта устида тинчгина турган “Cоcа-cола” бутилкасининг этикеткасидан шпаргалкани излаш ҳаёлига келармиди, ахир.

  Плюс томонлари: ўта ноёблиги, самарадорлиги, шубҳа туғдирмаган ҳолда имтиҳонга яширмай олиб кириб кетиш мумкинлиги.

   Минус томонлари: шпаргалкани тушириш учун жойнинг жуда камлиги.

1. Ўз билимларингиз

Ва ниҳоят Сиз билан биз биринчи ўринга ҳам етиб келдик.

  Қанақасига айлантирилмаса ҳам бу ҳақиқат. Ҳамма панд-насиҳатлар-у, фалсафий баҳсларни четга суриб ташлаб бу мавзуга соғлом ақл билан қарайлик. Шубҳасиз, ҳатто энг зўр ҳамда энг камёб ва ўзига хос шпаргалка ҳам узоқ муддатли истиқболингизда имтиҳонга пухта тайёргарлик кўришнинг ўрнини боса олмаслигини таъкидлаш мумкин. Тўғри, бу жуда қийин,гоҳида эса ҳатто имкони йўқдек туюлади ҳам. Доимо эсда шуни тутингки, шпаргалка имтиҳонга тайёргарлик кўришингизда ёрдам бериши мумкин, бироқ ҳеч қачон тайёргарликнинг ўзи ўрнини боса олмайди.

   Ўқиш, имтиҳонга тайёргарлик кўриш бу жуда оғир жараён. Шунинг учун ҳам тинмай ўз устингизга ишланг, доимо машқ қилинг, хотирангизни ривожлантиринг, мутлақо кераксиз маълумотлар билан бошингизни тўлдириб ташламанг. Сиз учун энг зўр шпаргалка эса – ўзингизнинг миянгиз. Ҳа, ҳа, билимларингиз ёзиб қўйилган маълумот ташувчиси бу ўзингизнинг миянгиз. Имтиҳонга киришдан аввал яна бир нарсани тушуниб олинг – имтиҳон олаётган ўқитувчилар сизга душман эмас. Улар фақат тайёргарлигингиз даражасини текшириш мақсадида назорат қилувчи шахслар. Ўзингизни ҳам, бировни ҳам алдаманг, чунки шпаргалкалар динозаврлар каби фақат ўтмишда қолиб кетиши керак.

  Қачонлардир, бир неча йиллар ўтиб, шпаргалкалар – ғирромчиликнинг уруғи эканлигини ўзингиз ҳам тушуниб этасиз. Шунинг учун, ҳам вақтни бой бермай, қаттиқ тайёргарлик кўринг!

 Сессияларни топширишда талабаларга самимий муваффақиятлар тилаймиз! 

 Тўпловчи Маъмура Тўраева.

 

#Мақола  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг