Ҳамма яхши китобларни ўқиб бўлиш – деярли имконсиз иш. Агар ҳафтасига бир китоб ўқисангиз ҳам, ҳали барча юксак асарларни тугатишга улгурмаслигингиз аниқ. Шундай экан, тез ўқишнинг фойдасиз бўлиши мумкинми? Албатта йўқ! Китобни тез ўқиш орқали кўпроқ билим олишингиз ва вақтни самарали ўтказишингиз мумкин.

Принстон университети ўқитувчиси Эбби Маркс-Билнинг "10 кун ичида китобни тез ўқишни ўрганиш" китобида тез ўқиш бўйича жуда қизиқарли ва амалий тавсиялар бор. Унинг фикрига кўра, ўқилган маълумот қисқа муддатли хотирага тушади ва бир неча кун давомида сақланиб қолади. Асосийси – ўқиётган ахборотингизни тушуниб, англаш! Мақсадли ўқиш – бу ҳақиқатан ҳам самарали ўқиш.

Маркс-Бил тез ўқишга халақит берадиган учта катта хатони айтади;
1. Матнни овоз чиқариб ўқиш – бу тез ўқишни тўхтатиб қўяди;
2. Дарс ўқиётганда чалғиш телефонни қўйиб, диққатни китобга қаратинг;
3. Бир сатрни қайта ўқиш – ҳар бир сатрни бир марта ўқиб, кейингисига ўтиш.
Тез ўқишнинг махфий усули
Сатрни ўқиётганда кўзингизни сатр бошига эмас, бир сантиметр ўнгга қаратинг. Сатр охирида эса, ўқимаган жойингизни кўрмасликка ҳаракат қилинг. Ўқишга давом этар экансиз, кўзингизни камроқ тўхтатишингиз керак. Бу усулни ўзлаштириш сизга тезроқ ва самаралироқ ўқиш имконини беради.

Танаффуслар – ўқишнинг сирлари
Тез ўқишда 20 дақиқалик танаффуслар жуда муҳим. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, 20 дақиқадан сўнг, миянгиз ахборотни қабул қилишни қийинлаштиради. Аммо, баъзи китоблар буни инкор этади – ўқувчи кўпроқ ўқишдан тўхтамайди, чунки ўқув жараёни шунчалик қизиқарли бўлади!
Тез ўқишнинг 4 та қадамли сири
1. Ҳар куни ўқиш одатини ўрнатинг. Ҳар қандай шароитда китобни ўқишга мажбур бўлинг – бу сизга диққатни жамлашга ёрдам беради. Ҳаттоки, жамият орасида ёки шовқинда ўқишни машқ қилинг!

2. Ўқиш учун тўғри позиция. Ётиб ўқиш яхши, лекин тез ўқиш учун энг яхши ҳолат – тўғри ўтириш. Бу сизга янада самарали ўқишга ёрдам беради.
3. Энергия тиклаш. Тез ўқишнинг энг яхши усулларидан бири – ҳар 30 дақиқада бироз танаффус қилиб, оддий жисмоний машқларни бажариш. Бу миянинг қон айланишини яхшилайди ва ўқув жараёнини янада самарали қилади.
4. Ўқиш мақсади аниқлиги. Китобни ўқишдан олдин мақсадингизни аниқланг: нима маълумот олишни хоҳлайсиз? Агар ўқув материалдан мақсад билим олиш бўлса, ўқиган китобингизни юқори суръатда ўқишингиз мумкин.

Тез ўқиш ва хотирани ривожлантириш учун 5 китоб
Тез ўқиш ва хотира устида ишлаш учун 5 та китоб сизни кутмоқда. Бу китоблар ўқиш тезлигини ошириш ва эслаб қолиш қобилиятини яхшилашга ёрдам беради:
"Тез ўқиш" - Питер Камп. Китобда, 15 дақиқада нон-фикшн китобларни қандай ўқиш ва тез ўқишнинг самарали усуллари баён этилган.

"10 кун ичида тез ўқиш" - Эбби Маркс-Бил. Агар сиз маълумотларни тезда ўзлаштиришни хоҳласангиз, бу китоб сиз учун.
"Амалиётдаги тез ўқиш" - Павел Палагин. Ўқиш кўникмаларини амалий машқлар орқали оширишга қаратилган.

"Барини ёдда сақлаш" - Артур Думчев. Хотирани ривожлантириш учун қизиқарли ва амалий усулларни тақдим этади.

"Эйнштейн Ой бўйлаб саёҳат қилади" - Жошуа Фоер. Шахсий тажриба ва ўрганган хотира усуллари ёрдамида бу китоб сизни хотирани яхшилашда илҳомлантиради.

Тез ўқиш – бу нафақат вақтни тежаш, балки ўқиш жараёнини самарали ва ёқимли қилишдир. Ушбу усулларни ўзлаштириш орқали сиз нафақат кўпроқ китобларни ўқишингиз, балки ўқиганингизни яхшироқ эслаб қолишингиз мумкин. Муҳими, ҳар бир қадамни ўзлаштириб, ўрганишни давом эттиринг. Китоблар сизни янги ғоялар ва имкониятларга олиб бориши мумкин, шунинг учун ўқишнинг ҳар бир дақиқасидан завқ олинг!
Маъмура Тўраева тайёрлади
#Мақола