Репостлар 17/01/2025 Ҳарбийларнинг ўқишга киришида бериладиган имтиёзлар учун тест синовлари қачон ўтказилиши маълум қилинди

Муддатли ҳарбий хизматчилар учун ўқишга киришида бериладиган имтиёзлар учун тест синовлари қачон ўтказилиши маълум қилинди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи Отабек Норбоев маълум қилди.

Тест саволларининг умумий сони 100 тани ташкил этади

Маълумки муддатли ҳарбий хизматни ўтаган фуқароларга имтиёз тизимини такомиллаштириш мақсадида ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасига асосан олий ҳарбий таълим муассасалари ва олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга киришда имтиёз тизими жорий этилган.

Шу туфайли жорий йилнинг 20-25 январь кунлари Мудофаа вазирлиги қўшинларида хизмат қилаётган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг билим даражасини текшириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан тест синовлари ўтказилади.

Муддатли ҳарбий хизматчилар учун мўлжалланган тест саволларининг умумий сони 100 та саволдан иборат бўлиб:

40 таси – жанговар тайёргарлик;

20 таси – маънавий-маърифий тайёргарлик;

10 таси – математика фани;

10 таси – физика фани;

20 таси – мантиқий саволлар.

Ҳар бир тўғри жавоб учун:

жанговар тайёргарлик бўйича -1,2 балл;

маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича – 1,1 балл;

математика бўйича – 1 балл;

физика бўйича – 1 балл;

мантиқий саволлар бўйича – 1 балл берилади.

Тест синовларини ўтказишнинг умумий вақти 3 соатни ташкил этади.

Тавсиянома беришда ҳарбий хизматчининг ҳарбий интизоми ҳам инобатга олинади

Шунингдек, тавсиянома бериш тўғрисидаги якуний қарорни қабул қилиш учун ҳар бир муддатли ҳарбий хизматчининг тест синовлари натижалари, намунали ҳарбий интизоми ва ўқув фанларидан қўйилган якуний ўртача кўрсаткичи йиғиндиси жамланади.

Тавсиянома олган ҳарбийнинг бакалавр имтиҳони натижасига яна 50 балл қўшилади

Тавсиянома олган муддатли ҳарбий хизматчилар президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорига мувофиқ:

  • олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга;
  • олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга кириш учун тегишли ўқув йилига тасдиқланадиган олий таълим муассасаларига қабул параметрларидан ташқари алоҳида ажратилган қабул кўрсаткичлари доирасида – танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Манба: https://t.me/uz24uzb/7904

#Янгиликлар   #Абитуриент   #Имтиёз  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг