Мақолалар 30/01/2025 Академик таътил бўйича сиз билмаган маълумотлар

   Олий таълим муассасалари талабалари учун академик таътил маълум бир ҳолларда бериладиган таътил тури ҳисобланади. Академик таътил қуйидаги сабаблар туфайли олинади:

  1. ҳарбий хизматни ўташ учун;
  2. саломатлигини тиклаш учун;
  3. ҳомиладорлик ва туғиш учун;
  4. болаларни парвариш қилиш учун;
  5. оиласининг бетоб аъзосини (отаси, онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар, турмуш ўртоғи, фарзанди) парвариш қилиш учун.

Академик таътил юқоридаги сабабларга кўра турли хил муддатларга берилади.

https://avatars.mds.yandex.net/i?id=16747445126b9e1b646da64111a14a20eed86b94-8341266-images-thumbs&n=13

Жумладан:

  1. ҳарбий хизматни ўташ учун — қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳарбий хизматни ўташ муддатига;
  2. ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, болаларни парвариш қилиш учун — қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, болаларни парвариш қилиш таътиллари муддатига;
  3. саломатлигини тиклаш ҳамда оиласининг бетоб аъзосини парвариш қилиш учун — кейинги йилнинг талаба томонидан тўлиқ ўзлаштирилмаган семестри бошлангунига қадар бўлган муддатга (агар мазкур Низомнинг 11-бандига мувофиқ талаба академик таътил муддатига таълимнинг сиртқи ёки масофавий ёки экстернат таълим шаклига ўтказилса, навбатдаги семестрнинг бошлангунига қадар бўлган муддатга). Бунда, қайд этилган муддатлардан бири талабанинг аризасига мувофиқ олий таълим муассасаси ректори (директори) томонидан белгиланади.

Академик таътил олиш учун кимга ариза бериш тартиби:

https://avatars.mds.yandex.net/i?id=89e198e3f9b46d7417d87dbfb7d7fe3b0adfe03d-5242707-images-thumbs&n=13

   Академик таътил олиш учун талаба (соғлиғи ҳолатига кўра талаба шахсан мурожаат этиш имкониятига эга бўлмаса, унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёки турмуш ўртоғи) томонидан олий таълим муассасаси ректори (директори) номига ариза билан мурожаат қилинади.

Аризага илова қилинадиган ҳужжатлар:

  1. ҳарбий хизматни ўташ учун — тегишли туман (шаҳар) мудофаа ишлари органларининг талабани ҳарбий хизматга чақириш ҳақидаги чақирув қоғози;
  2. саломатлигини тиклаш, ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, болаларни парвариш қилиш учун — талаба доимий тиббий назоратда турган тиббиёт муассасаси хулосаси;
  3. оиласининг бетоб аъзосини парвариш қилиш учун — оиласининг бетоб аъзоси доимий тиббий назоратда турган тиббиёт муассасаси хулосаси.

Ариза кўриб чиқиладиган муддат:

   Талабанинг академик таътил олиш ҳақидаги мурожаати бир ҳафталик муддатда кўриб чиқилади.Талабага академик таътил бериш олий таълим муассасаси ректори (директори)нинг буйруғи билан расмийлаштирилади. Ушбу буйруқда академик таътилнинг бошланиш ва тугаш санаси кўрсатилиши шарт.

Академик таътилни бошқа ўқув шаклига ўзгартириш:

   Академик таътил бериладиган талабалар аризасига (ихтиёрига) кўра олий таълим муассасаси ректори (директори)нинг буйруғига мувофиқ, унинг ўқиши академик таътил муддатига таълимнинг сиртқи ёки масофавий ёки экстернат таълим шаклига ўтказилиши мумкин.

   Бунда олий таълим муассасасида муайян бакалавриат таълим йўналиши (магистратура мутахассислиги) бўйича сиртқи ёки масофавий таълим шакли мавжуд бўлган тақдирда талабанинг ўқиши аризасига кўра белгиланган муддатга ушбу таълим шаклига ўтказилади.

Академик таътил муддатининг узайтирилиш ҳолатлари:

https://avatars.mds.yandex.net/i?id=6b6c251834344f2c13c69a77e696558ba57d6233-7452498-images-thumbs&n=13

  1. Саломатлигини тиклаш ёки оиласининг бетоб аъзосини парвариш қилиш учун академик таътилда бўлган талабаларда ҳомиладорлик ва туғиш ҳолатлари юзага келган тақдирда, академик таътилнинг муддати ҳомиладорлик ва туғиш учун мазкур Низомда белгиланган академик таътилнинг муддатига узайтирилади.
  2. Талабанинг саломатлиги ёки оиласининг бетоб аъзоси саломатлиги тикланмаганда талабанинг аризасига кўра олий таълим муассасаси ректори (директори)нинг буйруғи асосида академик таътил муддати ушбу тоифадаги ҳолатлар учун белгиланган муддатларга узайтирилади.

Муддатидан олдин академик таътилни бекор қилиш:

https://telegra.ph/file/5339e39c71b767155a330.png

   Талаба академик таътилга чиққан кундан бошлаб бир ой ўтмаган бўлса, академик таътилни бекор қилиш ва ўқишга қайтишни сўраб олий таълим муассасасига ариза билан мурожаат этишга ҳақли.

Академик таътил тугагандан сўнг талабанинг дарс жараёнларига қатнашиши

https://avatars.mds.yandex.net/i?id=4429526bc00d2b066146be5121ba6fb0cb3d8c2c-5087064-images-thumbs&n=13

   Талаба академик таътилнинг муддати тамом бўлгандан сўнг ўқишга қайтиш бўйича олий таълим муассасасининг ректори (директори) номига ариза билан мурожаат қилиши шарт.

   Талаба академик таътилдан белгиланган муддат тамом бўлгандан сўнг ўқишга қайтиш бўйича олий таълим муассасасининг ректори (директори) номига ариза билан мурожаат қилган тақдирда унинг аризасини асоссиз равишда рад этишга йўл қўйилмайди. Ушбу ҳолат бўйича масъулият шахсан олий таълим муассасаси ректори (директори) зиммасига юкланади.

Ёдда тутинг: Академик таътилдан белгиланган муддатда қайтган талабаларга илгари ўзлаштирилган фанларни қайта ўзлаштириш мажбурияти юклатилмайди. Академик таътил муддати тугагандан сўнг ўқишга қайтмаган ва натижада бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдирган талаба олий таълим муассасасидан четлаштирилади.(Ушбу банд талаблари ўқув жараёни кредит-модуль тизимига ўтган олий таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайди.)

Қўшимча маълумотларни You tube каналдан олишингиз мумкин.

Севинч Толибжонова тайёрлади

#Таълим телеканали   #Мақола  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг