Мақолалар 01/06/2025 Мактабда дарс берадиган талаба ходимга ҳам устама тайинлаш мумкинми?

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сон қарори билан тасдиқланган низом умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган педагог (улар умумий сонининг кўпи билан 50 фоизи), психолог ва кутубхона ходимларининг базавий тариф ставкасига ҳар ойлик устама белгилаш йўли билан уларни моддий рағбатлантириш тартибини белгилайди.

Мактабда ишлаётган талабага устама тайинлаш масаласига ойдинлик киритиш учун педагог ходим ўзи ким деган саволга аниқлик киритиб ўтсак.

Педагогнинг мақоми тўғрисидаги қонунга кўра таълим ташкилотида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тузилган меҳнат шартномаси асосида таълим ва тарбия соҳасида касбий фаолиятни амалга оширувчи ҳамда тегишли маълумотга, касбий тайёргарликка ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган жисмоний шахс педагог ҳисобланади. Демак, мактабда меҳнат шартномаси асосида ишлайдиган талабалар ҳам педагог ҳисобланади.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-сон қарори билан тасдиқланган низомга кўра олий таълим муассасасининг кундузги, кечки, сиртқи таълим шаклларининг педагогика йўналишларида ўқиётган шахслар 3-курсдан бошлаб ўқишига халақит бермаган ҳолда педагоглик ишини амалга ошириш учун умумтаълим муассасаларида асосий иш жойи сифатида ишга қабул қилиниши мумкин ва уларга ўрта махсус, касбий маълумотга эга бўлган тегишли лавозимдаги ходимнинг базавий тариф ставкаси сингари базавий тариф ставкаси белгиланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сон қарори билан тасдиқланган низомда эса мактабда ишлайдиган талабаларга устама тайинлаш бўйича ҳеч қандай чеклов қўйилмаган.

Агар сиртқи таълимда ўқиётган ходим ўрта махсус маълумотли ўқитувчига-чи?

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сон қарори билан тасдиқланган низомнинг 24-бандига кўра умумтаълим муассасасидаги педагог ходимлар олий ёки ўрта махсус маълумотга эга эканлигидан қатъи назар, белгиланган баҳолаш мезонлари асосида баҳоланади ва кўрсаткичларига кўра Ишчи гуруҳ қарори асосида базавий тариф ставкасига ҳар ойлик устама белгиланади.

Яъни, ўқитувчининг олий ёки ўрта махсус маълумотли бўлиши унга устама тайинлашда ҳеч қандай роль ўйнамайди. Асосийси педагог ходим низомда белгиланган баҳолаш мезонлари талабларига жавоб берса кифоя.

#Мақола  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг