Мақолалар 06/11/2024 Қалбаки сертификат ишлатган ўқитувчиларга қандай жавобгарлик бор?

Маълумки, ўқитувчиларни қўшимча рағбатлантириш мақсадида, умумтаълим фанлари бўйича тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама тўлаш тизими жорий қилинган. Шунингдек, малака тоифасига эга бўлган педагоглар ҳам қўшимча ҳақ оладилар. Ушбу қўшимча ҳақлар малака тоифасини олганлик тўғрисидаги сертификат асосида тўлаб борилади.

Аммо, баъзи ҳолатларда ўқитувчилар томонидан қалбаки сертификат ишлатиш ҳолатлари кузатилмоқда. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг масъул ходими Сардор Раҳимбоевнинг маълум қилишича, тизимга сохта сертификатлар киритиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.

"Айрим педагогларимиз бошқа ўқитувчининг сертификатини қалбакилаштириб, ўз номига расмийлаштиришга уринишмоқда. Аммо бу ҳаракатлари билан ўзларини ноқулай аҳволга солиб қўймоқдалар, чунки платформага қалбаки сертификатларни юклаш имкони йўқ,” — дейди Сардор Раҳимбоев.

Сохта сертификатлардан фойдаланишнинг оқибатлари:

Қалбаки сертификат ишлатиш орқали нафақат ўқитувчининг ўз обрўсига зарар етказилади, балки бундай ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси бўйича жавобгарликка сабаб бўлади.

Жиноят кодексининг 228-моддасига кўра, ҳужжатларни қалбакилаштириш ва сотиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг элликдан юз бараваригача жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Агар ҳужжат қалбаки эканлиги била туриб ундан фойдаланилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача жарима ёки икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади.

❗️ Шуни эслатиб ўтиш лозимки, ўқитувчилар томонидан тақдим этилган ҳар қандай сертификатнинг ҳаққонийлиги учун сертификат эгаси шахсан масъул ҳисобланади. Агар қалбаки сертификат аниқланса, меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳам мумкин.

#Таълим телеканали   #Мақола   #Кутубхона   #Аттестация  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг