Янгиликлар 22/02/2025 Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, илм-фан ва туризм салоҳияти халқаро миқёсда тарғиб этилмоқда

   Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистонидаги элчихонаси ҳамкорлигида “Ўзбекистон – жаҳон меросининг нодир ўчоғи” номли муҳим халқаро маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

  Анжуман 2025 йилда Самарқандда бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига бағишланиб, 18 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистонидаги элчихонасида ўтказилди. Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг маданий ва илмий мероси, тарихий обидалари ва туристик имкониятлари тақдим этилди.

   Маданий қисмда “Нурафшон” ашула ва рақс ансамбли томонидан миллий куй-қўшиқлар ижро этилди, шунингдек, ЮНЕСКО Репрезентатив рўйхатига киритилган палов тайёрлаш анъанаси намойиш этилди.

   Тадбир иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Саудия Арабистонининг “Расана” халқаро Эроншунослик институтининг Илмий тадқиқотлар бўйича директори Аҳмед ал-Маймуний Ўзбекистоннинг маданий салоҳиятини юқори баҳолаб, бундай тадбирлар икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

   Тадбир Ўзбекистоннинг жаҳон маданий меросидаги ўрнини яна бир бор намоён этиб, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

#Таълим телеканали   #Янгиликлар  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг