Янгиликлар 15/02/2025 Президентимиз ёшлар билан самимий мулоқот ўтказди

   14 февралда Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан мулоқот қилди. Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида азм-у шижоатли, навқирон ёшлар билан учрашиб турганидан мамнунлигини билдириб, уларнинг тимсолида Янги Ўзбекистоннинг бугунги ва эртанги бунёдкорларини кўраётганини таъкидлади.

   “Буюк шоиримиз Эркин Воҳидов айтганидек, ёшлик – бу қалбнинг олтин сози. Бунга қўшимча қилиб, ёшлар – халқимизнинг, Ватанимизнинг олтин фонди, десак тўғри бўлади.

   Аҳолимизнинг 60 фоизини айнан ёшлар ташкил этиши ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Бугунги кунда биз мард ва матонатли халқимизга, серғайрат ёшларимизга ишонганимиз учун ўз олдимизга катта-катта мақсадлар қўймоқдамиз, маррани баланд олмоқдамиз.

   Келгусида Учинчи Ренессанс пойдеворини яратадиган янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоийлар қаердан пайдо бўлади? Бу улкан вазифаларни ким бажаради?

   Мен қайта-қайта такрорлашдан чарчамайман. Албатта, бу эзгу ғояларни сизлар – бугунги Янги Ўзбекистон ёшлари амалга оширасизлар”, — деди Президент.

   Мулоқотда ёшларимиз турли соҳалардаги ютуқлари билан тенгдошларига ўрнак бўлаётгани таъкидланди. Ҳозирги вақтда дунёдаги “топ” олийгоҳларда 1,5 мингдан зиёд талабаларимиз таҳсил олмоқда. Бу Ўзбекистон учун тарихда кузатилмаган воқелик.

   “Энди барча тизимдаги раҳбарлар ёшларнинг баралла овозини эшитишга мажбур. Ёшлар буюк келажагимизнинг асосий бўғини эканлигини тушунмаган раҳбар бизнинг сафимизда бўлишга ҳаққи йўқ”, — деди Президент.

   Мулоқот давомида илгари олий таълимда 1 та ўрин учун камида 10 нафар йигит-қиз кураш олиб боргани, қисқа даврда олийгоҳлар сони 3 баробар оширилгани, тизимда қамров 42 фоизга етгани ҳақида ҳам маълумот берилди. Хотин-қизларга контракти давлат томонидан қоплаб берилаётгани ҳисобига эса талаба қизлар сони 11 карра кўпайди.

   “Мен бир ҳаётий фикрни такрорлашдан чарчамайман: битта қизни ўқитсак, бутун оилани ўқитган бўламиз. Оила билимли, маърифатли бўлса, бутун жамият билимли, маърифатли бўлади. Бу борадаги ишларни янада жадал давом эттирамиз”, — деди Президент.

   Ўтган 25 йил ичида давлат ҳисобидан 800 нафар ёшлар хорижга ўқишга юборилган бўлса, биргина “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали сўнгги 7 йил ичида 3 баробар кўп ўғил-қизларимиз бундай имкониятга эга бўлди.

   Энди, Ёшлар агентлиги хорижда ўқиётган ҳар бир талабага бош-қош бўлиб, эҳтиёжларини аниқлаши, Ватанга қайтиб, ўз ўрнини топиши, муваффақиятли карера қилиши каби масалаларда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан тенг масъул бўлиши белгиланди.

   Илмий даражали ёш олимларимиз сони 2 карра ошиб, 4 минг 357 нафарга етди. Айниқса, фарзандларимиз орасида чет тилларни ўрганишга қизиқиш кескин кучайди. Ана шу имкониятлардан фойдаланиб, яқинда билимдон ва интилувчан Парвиз Туксанов САТ имтиҳонидан энг юқори – 1600 балл тўплади. Президентимиз уни ушбу натижа билан қизғин табриклаб, ота-онаси ва ўқитувчиларига миннатдорлик билдирди.

   Яна бир ибратли мисол – “Китобсевар миллат” ғояси асосида ёшларда мутолаа маданиятини шакллантириш умуммиллий ҳаракатга айланди. Анъанавий тарзда ўтказилаётган “Ёш китобхон” танловидаги иштирокчилар сони 6 карра ошиб, 3 миллион нафарга етди. Бир гуруҳ фаол ёшлар томонидан яратилган “Мутолаа” лойиҳаси орқали 1 миллиондан ортиқ ёшлар китобхонлар қаторига кирди.

   Ҳозирги тезкор ахборот алмашинуви даврида ёш авлод, айниқса, болажонларимиз учун миллий контентларни яратиш долзарб вазифадир. Бундай контентни боғча ва мактабдаги таълим жараёнларида намойиш этиш орқали янада оммалаштириш зарурлиги таъкидланди.

   Президент имзолаган учинчи ҳужжатга кўра, “Алоқабанк” ёшларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи таянч “ёшлар банки”га айлантирилиб, бунга 200 миллион доллар ажратилди. Банк ўзини ўзи банд қилган ёшлар лойиҳалари учун 100 миллион сўмгача 7 йил муддатга имтиёзли микроқарз ажратади.

   Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркор бўлган, камида 20 нафар ёшни ишга олиб, кичик корхона очган ва ўқув маркази ташкил қилган ёш тадбиркорларга 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит берилади. Банк кредитларининг камида 30 фоизи хотин-қизлар тадбиркорлиги учун йўналтирилади.

   Ҳудудларда “ёшлар бизнес инкубатори” ташкил қилиниб, ёшлар ғоялари стартапга айлантирилади, 6 ойдан 3 йилгача қўллаб-қувватланади, тайёр бизнес, корхона даражасига олиб чиқилади.

   “Алоқа венчур” жамғармаси орқали стартапларга 50 мингдан 1 миллион долларгача сармоя киритилиб, маҳсулот ва хизматларни ички ва халқаро бозорларда сотиш, бизнес ҳамкор топиш, қўшимча инвестициялар жалб қилишга кўмаклашилади.

   2025 йилда Ўзбекистонда ёшлар ишсизлигига барҳам бериш ишлари янги босқичга кўтарилиши таъкидланди. Раҳбарлар ёшлар ишсизлигининг салбий оқибатларидан, ўз вақтида банд бўлмаган ёшлар билиб-билмай номақбул ишларга қўл уриши, диний радикализм таъсирига тушиб қолиши, жиноят кўчасига кириши мумкинлигидан огоҳлантирилди.

   Ёшларни касб ва тилга ўқитиб, юқори даромадли ишларга жойлаштириш мақсадида бу йил бандлик бўйича катта дастур қабул қилинди. Бунинг учун жами 126 триллион сўм йўналтирилмоқда. Унга кўра, маҳаллаларда 378 мингта микролойиҳа амалга оширилади, маҳалла банкирлари янги кредит маҳсулотлари ҳисобига 250 минг нафар одамни даромадли қилади.

   Президентимиз ёшлар билан бўлиб ўтган суҳбат давомида ёшларга жуда кўплаб имкониятлар эшигини очганлари ёлғон эмас. Бу имкониятлардан фойдаланган ҳолда бундан сўнгра ёшлар буюк марраларни забт этишларига ишонамиз.

#Таълим телеканали   #Янгиликлар  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг