Мақолалар 14/12/2024 Суннат туйинг муборак Регистон

Сўнгги йилларда жамиятимизда таълим соҳасига қизиқиш ортиб бормоқда, халқимиз орасида фарзандини ўқимишли бўлишини истовчи инсонлар сони анчайин кўпайган. Бу ўз навбатида минг йиллар аввал ота-боболаримиз бошлаган ва яқин 100 йилда жадидларимиз ўз жонларини тикиб давом эттирган илм-у маърифат ғояларининг мевасидир. 

Аждодларимиз қолдирган илмий меъросни авлодларга етказиш ва жадидларимизнинг олий мақсадларини амалга ошириш учун бел боғлаган Регистон таълими лойиҳаси ўз фаолиятини бошлаганига эндигина 10 йил бўлган бўлсада, 25.000га яқин ёшларга илм берди, юртимиз бўйлаб 38 та филиал, 2 та мактаб, 2 та техникум ва 1 та нашриёт очишга улгурди. 2000 зиёд инсонларни иш билан таъминлади.

Жорий йилнинг 14-декабрь куни ёшларнинг том маънода суянчиғига айланган Регистон ўқув маркази ташкил топганлигининг 10 йиллик шодиёнаси муносабати билан, Алишер Навоий номидаги муҳташам киночилар санъат саройида Регистон таълим конференсияси ташкил этилди. Статистика бўйича, 80% ўқув марказлар биринчи икки йил ичида касодга учраши, 95% ўқув марказлар 10 йил ичида ёпилиб кетиши, ҳар 100 тадан 5 тагина ўқув марказ сақланиб қолиши ва Регистон таълим лойиҳаси ушбу 5ъликка киргани ташриф буюрган меҳмонлар томонидан эътироф этилди.

Мазкур тадбир аввалгиларидан фарқли равишда Одам Ато ва Момо Ҳавонинг ерга туширилиши, Имом Бухорий, Амир Темур, Алишер Навоий ва Маҳмудхўжа Беҳбудийларнинг ЎҚИНГ ва ЎҚИТИНГ деб баралла чақириқлари билан бошланди. Шубҳасиз-ки, ушбу чақириқ барча кузатувчиларни янада руҳлантирди.

Тадбирда Регистон таълими лойиҳасининг 10 йиллик фаолияти давомида эришган ютуқлари, босиб ўтган йўллари тўғрисидаги ҳужжатли филм ҳамда, тадбир иштирокчиларига лойиҳа тарихи акс эттирилган албом совға қилинди. Филмда ўқув маркази ташкил этиш ғояси пайдо бўлишидан бошлаб, ҳозирги кунга қадар забт этилган марралар баён этилди, лойиҳанинг асосий мақсади таълим орқали жамиятни ривожлантириш ва жадидларимизнинг орзуларини амалга ошириш эканлиги таъкидланди. 

Лойиҳа раҳбари  Авазбек Туловов Янги Миллий Уйғониш даври адабиётининг буюк вакилларидан бўлган Абдурауф Фитратнинг қуйидаги шеърий мисраларини ёдга олди ва ёшларнинг шижоатини янада юксалтирди:

Оғир йигит, сенинг гўзал, нурли кўзингда 
Бу миллатнинг саодатин, бахтин ўқудим.
Ўйлашингда, туришингда ҳамда ўзунгда 
Бу юрт учун қутулишнинг борлиғин кўрдим.   

Турма - югур, тинма - тириш, букилма - юксал,
Ҳуркма - кириш, қўрқма - ёпиш, йўрилма - қўзғал!   
Ел йўлини тўсиб турган эски булутларни 
Ёндириб қўй, йиртиб ташла, барчасин йўқ эт. 
Қилолмасанг шу ишларни, 
Сенинг учун хўрликдир бу... 
Йиқил, йўқол, кет!

Шундан сўнг, халқимиз севган санъаткорлар, Бахтиёр Раҳмонов, Ёрқинхўжа Умаров, Шоҳрух Эргашев, Сардор Тоиров, Валижон Шамсиев ҳамда Элмурод Ҳақназаров ўз чиқишлари билан барча қатнашчиларга хушкайфият улашди. Намойиш этилган Лазерлар шоуси тадбирга ноодатийлик бағишлабгина қолмай, ҳар бир томошабин учун эсда қоларли намойиш бўлди.

Тадбир дастурида Регистон ўқув маркази томонидан эълон қилинган танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.
 
Энг яхши ҳикоя номинатсияси бўйича 

1-ўрин  Турсунова Фарангиз 
2-ўрин  Ахроржонова Шаҳноза 
3-ўрин  Қорабобоева Гулноза 

Ғолиблар Нуриман Абдулҳасанов ҳамда, Шерзод Бекназаров томонларидан тақдирланди.

Энг яхши фотосурат номинатсияси бўйича

1-ўрин Маъруфжон Омонов 
2-ўрин Бекзод Ҳасанов 
3-ўрин  Нилуфар Бўриева
 

Ғолибларни "Юксалиш мактаби" асосчиси Муҳаммадали Эшонқулов тақдирлади.

Энг яхши видеоролик номинатсияси бўйича

1-ўрин Ҳожияхон Аминова 
2-ўрин Маржона Жўраева
3-ўрин Дилмурод Худойқулов

Совриндорларни МФактор лойиҳаси асосчиларидан бири Ҳасан Мамасаидов тақдирлади ва фарзанди илм олиши учун сарфланган пул харажат эмас, балки келажакка киритилган инвеститсия эканини яна бир бор таъкидлаб ўтди.

Кечанинг энг кульминацион нуқтаси эса Регистон жамоаси ўз раҳбари Авазбек Туловов ҳамда у кишининг турмуш ўртоғи Шоҳида Давлатовнага таълим йўлидаги қилган хизматлари учун Умра сафарига йўлланма совға қилишди.

 

Регистон ўқув маркази жамоаси шунчаки жамоа эмас, сизнинг ва бизнинг фарзандларимиз тақдирини ўзгартиришга ҳаракат қилаётган - оила!

​Mohlaroyim Sherzodbek qizi 

Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг