Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарорига 3-илова билан тасдиқланган Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 9-бандида фуқаронинг ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш тўғрисидаги аризасини рад этиш асослари белгиланган.
Бунда Низомнинг 22-бандига мувофиқ олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда барча таълим шакллари бўйича мос мутахассисликлар бўйича давлат гранти асосида ўқишни кўчиришга фақат давлат грантлари асосида таълим олган талабаларнинг хоҳишига кўра, олий таълим муассасаларида тегишли ўқув йили учун қабул квоталарида белгиланган давлат грантлари сони доирасида йўл қўйилади.
Бироқ бошқа ҳолларда (масалан, давлат грантлари квоталари сони мавжуд бўлмаганда) ўқишни кўчириш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Бунда Низомнинг 15-бандига мувофиқ ўқишни кўчириш учун аризалар ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар қабул қилинади.
Ўқишни кўчириш истагини билдирган фуқаро қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- ўқишни кўчириш (тиклаш) исталаётган таълим йўналиши (мутахассислиги), ўқиш тили ва шакли кўрсатилган ариза (аризада ўқишни кўчириш (тиклаш) ўрганилган олий таълим муассасаси ва таълим йўналиши (мутахассислиги), таълим шакли, мақсадли қабул бўйича ўқишга қабул қилинмаганлик, ўқишни кўчириш (тиклаш) сабаблари, ўқишни кўчириш (тиклаш) қоидалари билан танишиш кўрсатилади);
- талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган намунадаги академик гувоҳномаси нусхалари;
- Паспорт нусхаси.
#Мақола