Янгиликлар 04/11/2026 Техникум ўқувчилари Work and Travel дастурида иштирок этади

Энди Ўзбекистондаги техникум ўқувчилари ҳам Work and Travel халқаро дастури доирасида хорижда ишлаш ва сайёҳат қилиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 31-октябрдаги 604-сонли қарорида айтилган.

Қайси давлатларга бориш мумкин?

Янги тартибга кўра, техникум ўқувчилари Европа Иттифоқи давлатлари, Жанубий Корея, Япония, Буюк Британия, АҚШ, Канада, Австралия ва Янги Зеландияда ишлashi ҳамда сайёҳат қилиши мумкин бўлади.

Харажатлар учун ссуда

Иштирокчиларнинг бориш-келиш ва бошқа боғлиқ харажатларини қоплаш учун махсус ссуда тизими йўлга қўйилади. Шунингдек, Миграция агентлигига ҳар йили 1-мартгача хорижий иш берувчилар билан дастур бўйича ҳамкорлик шартномаларини imzolash vazifasi юкланди.

Шаффофлик масаласи

Касбий таълим жараёнларини бошқаришни шаффофлаштириш мақсадида “EMIS RT” ахборот тизимига муҳим маълумотлар киритиб борилади. Унга техникум номи, манзили ва коди, касб ва мутахассислик йўналиши, ўқиш босқичи, таълим шакли, ўқувчи мақоми ҳамда ўзлаштириш баҳолари киради.

Бу ташаббус аввалроқ, 24-феврал куни Президентнинг ёшлар билан учрашувида эълон қилинган эди. Эслатиб ўтамиз, 2025-йил май ойидан бошлаб ўзбекистонлик талабалар Work and Travel дастури учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари миқдорида фоизсиз ссуда олиши мумкин.

Демак, техникум ўқувчилари учун хорижда амалий тажриба орттириш ва даромад топиш имконияти очилмоқда. Дастурга қизиқканлар шартлар ва тафсилотларни ваколатли органлардан аниқлаштиришлари тавсия этилади.

Манба: Gazeta.uz

#Texnikumlar   #Таълим кредити  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг