Янгиликлар 03/11/2026 Таълим ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш йиғими 4 баравар камайиши мумкин

Фото: Daryo.uz

Ўзбекистонда таълим ташкилотларини давлат аккредитациясидан ўтказиш учун белгиланган базавий йиғим миқдорини 4 баравар камайтириш имконияти яратилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Вазирлик таълим ташкилотларини комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш йиғимлари ҳамда уларни ҳисоблаш тартибига қўшимча киритишни назарда тутувчи ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди. Тегишли идоравий ҳужжат 2026-йил 31-октябрда 3739-1-сон билан рўйхатга олинган.

Янги тартибга кўра, таълим ташкилотининг мурожаати асосида қуйидаги шартлардан бири мавжуд бўлганда йиғим камайтирилиши мумкин:

  • Президент, Президент администрацияси раҳбари ёки Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларида белгиланган топшириқларни бажариш учун дастурларни аккредитациядан ўтказиш зарур бўлганда;
  • ташкилотдаги амалдаги дастурларнинг камида 50 фоизи Ўзбекистонда тан олинадиган аккредитация ташкилотлари реестрига киритилган ташкилотлар томонидан аккредитациядан ўтказилган бўлиб, бу баҳолаш ишлари ҳажмини қисқартирса;
  • махсус давлат аккредитацияси масофавий шаклда ўтказилса ёки бир вақтнинг ўзида 10 та ва ундан ортиқ таълим дастури учун мурожаат қилинса.

Шунингдек, тўрдош таълим дастурларини аккредитациядан ўтказишда умумий моддий-техника, кадрлар ёки бошқа инфратузилмани такроран баҳолаш талаб этилмаса, ишлар ҳажми қисқаргани учун ҳам базавий йиғимни камайтиришга рухсат берилади.

Бу ўзгариш таълим ташкилотларининг аккредитация харажатларини камайтиришга қаратилган. Амалда қўллаш тартиби эса юқоридаги шартларга боғлиқ бўлади.

Манба: Daryo.uz

#Янгиликлар   #Олийгоҳлар   #Тартиб қоида  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг