20 февраль куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Фарғона давлат техника университети талабалари билан учрашди. Тадбирда шунингдек, вазир ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов, Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Шерзод Полвонов ҳамда “ЎзМиллийбанк” АЖ Фарғона вилояти бошқармаси вакиллари иштирок этдилар.
Мулоқот давомида вазир ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича давлат сиёсатининг муҳим йўналишларига тўхталди. Жумладан, Президентимизнинг 14 февраль куни ёшлар билан ўтказган мулоқотида битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш бўйича янги тизим йўлга қўйилиши, бу мақсадда Миллий банк орқали 100 миллион доллар йўналтирилиши, ёшларнинг стартап ва бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун банк хизматлари жорий этилиши ҳақида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, Алоқабанк ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватловчи таянч банкка айлантирилиши белгиланганини қайд этди.
Учрашув давомида вазир талабаларнинг ишга жойлашиш, инновацион лойиҳалари ва илғор технологияларни таълим жараёнига татбиқ этиш борасидаги таклифларини тинглади. Шу жумладан, талабалар томонидан илгари сурилган Микро ГЕСларни ўрнатишда миллий бренд яратиш ва шу орқали 10 га яқин талабани иш билан таъминлаш таклифи вазир томонидан қўллаб-қувватланди. Ушбу ташаббусни амалга ошириш бўйича тегишли банк вакилларига топшириқлар берилди.
Учрашувдан сўнг, вазир институт ёш олимлари томонидан ишлаб чиқилган инновацион лойиҳалар тақдимоти билан танишиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, Фарғона шаҳрида ташкил этилган “Ёшлар технопарки” фаолияти ўрганилди ва қурилиш жараёни бўйича тавсиялар берилди.
Ушбу учрашув ёшларнинг ташаббус ва ғояларини амалий лойиҳаларга айлантириш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда таълим ва инновацияларни ривожлантиришга хизмат қилади.
#Таълим телеканали #Янгиликлар