Зулфия номидаги давлат мукофоти –1999 йил 10 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг „Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги фармонига биноан таъсис қилинган.

Мукофот ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган иқтидорли хотин-қизларга ўқиш ва меҳнат фаолиятидаги ютуқлари учун берилади.

Талабгорлар 8 та йўналиш — фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва жамоатчилик фаолияти бўйича танловлар орқали сараланади.
Йўналишлар бўйича ҳар бир ўринга муносиб талабгорларни танлаш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
– туман (шаҳар) босқичи — 2 сентябрдан 20 октябрга қадар;
– Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи — 21 октябрдан 30 ноябрга қадар;
– республика босқичи — 1 декабрдан 31 декабрга қадар ўтказилади.
Мукофот ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 2 нафардан вакилларига — жами 28 нафар талабгорга берилади. Совриндорларга мукофотланганлик ҳақидаги диплом, кўкрак нишони ҳамда БҲМнинг 50 баравари миқдоридаги пул мукофоти ҳар йили 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида тантанали қилиб топширилади.

Мукофот совриндорлари агар умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал таълим муассасаларининг ўқувчилари бўлса, бакалавриатга, бакалавриат талабалари бўлса, магистратурага тегишли йўналиш ва ихтисослик бўйича кириш синовларисиз давлат грантлари асосида қабул қилинади.
Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодларни танлаш ва уларнинг ҳужжатларини сифатли тайёрлаш бўйича
ТАВСИЯЛАР:
📝Адабиёт, санъат йўналишларидан тавсия этилаётган номзодларнинг ижодий ишлари юқори савияда бўлиши, турли кўрик-танловларда ғолибликни қўлга киритганлиги ва соҳа мутахассислари томонидан эътироф этилган бўлиши лозим.
👩🏫Таълим йўналиши бўйича тавсия этилаётган номзодлар «Билимлар беллашуви», фан олимпиадалари ва ўқув фанига оид бошқа кўрик-танловларда ғолибликни қўлга киритган бўлиши, ушбу йўналиш бўйича номзодларни танлашда таълимнинг математика, физика, кимё, биология каби аниқ ва табиий фанларга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
🎤Маданиятнинг сухандонлик, сценарист, бошловчилик каби соҳаларидан тавсия этилаётган номзодлар вилоят ва республика миқёсидаги тадбирларда фаол иштирок этиб келаётган, сценарийлари билан соҳага доир кўрик-танловларда ғолибликни қўлга киритган, ижодий ишлари мутахассислар томонидан эътироф этилган бўлиши лозим;
🤼♀Спорт йўналиши бўйича тавсия этилаётганларнинг асосий қисми спортнинг аёлларга хос турлари билан шуғулланиб, халқаро ва республика мусобақаларида ғолибликни қўлга киритган бўлиши лозим.
👭Жамоатчилик фаолияти йўналиши бўйича тавсия этилаётган номзодлар ҳар жабҳада фаоллик кўрсатиб, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, тенгдошлари ўртасида кенг тарғибот ишларини олиб бораётган, уюшмаган ёшларни тўғри йўлга солиш ва Ватан равнақи йўлида жипслаштириш ишларига муносиб ҳисса қўшаётган, ишлаб чиқариш, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда самарали фаолият кўрсатиб, юқори натижаларни қўлга киритган бўлиши лозим.
🎖Зулфия номидаги Давлат мукофотига тавсия этилаётган номзодларнинг шахсий йиғма жилдида тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар
РЎЙХАТИ:
1. Номзоднинг 9х12 см. ҳажмдаги фотосурати жойлаштирилган тавсифномаси:
Тавсифномада ёритилиши лозим бўлган жиҳатлар:
- номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган йили, санаси, миллати (фуқаролик паспорти ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома бўйича ёзиш);
- ўқиш жойининг расмий номи ҳамда номзод қайси синф ёки босқичда ўқиши;
- номзоднинг қайси йўналиш бўйича тавсия этилаётганлиги;
- номзод тавсия этилаётган йўналишнинг айнан қайси соҳаси ёки тури билан шуғулланиши (Масалан: адабиёт йўналишининг – шеърият ёки публицистика соҳаси, маданият йўналишининг – сухандонлик, журналистика, сценарист соҳаси, спорт йўналишининг – бадиий гимнастика, сузиш, теннис, шахмат тури, санъат йўналишининг – тасвирий ёки амалий санъат, анъанавий қўшиқчилик, фортепиано соҳаси, таълим йўналишининг – кимё, математика, она тили ва адабиёт, жамоатчилик фаолияти йўналишининг – тадбиркорлик, фермерлик, ёшлар иттифоқи фаоллари ва бошқа соҳалари);
- асосий йўналиши бўйича эришган ютуқларининг йиллар кетма-кетлигида берилиши, танловларнинг қаерда, қайси ташкилот томонидан, кимлар ўртасида, қандай ном билан ўтказилганлиги, нечанчи ўринни эгаллаганлиги ҳамда нима билан тақдирланганлиги;
- асосий йўналишидан ташқари бошқа йўналишлар бўйича эришган ютуқлари;
- етакчилик қобилияти, ижтимоий фаоллиги, ташаббускорлигини очиб берадиган жиҳатлари ва ютуқлари;
- ахборот-коммуникация технологияларидан қай даражада фойдаланиши (Масалан: «Зиёнет» таълим тармоғи, веб-саҳифалар ва ҳ.к.);
- спортнинг қайси тури билан шуғулланиши ва эришган ютуқлари;
- спортчиларга ёзилган тавсифномада эришган ютуқлари билан бирга номзод Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ҳамда спорт унвонига (спорт усталигига номзод, спорт устаси, халқаро тоифадаги спорт устаси) эга бўлса, буни қайд этиш зарур.
2. Номзоднинг обективкаси:
Обективка намунада кўрсатилган талаблар бўйича ёзилиши, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ташкилий-назорат гуруҳи раҳбарлари ҳамда хотин-қизлар қўмитаси раислари томонидан имзоланган бўлиши лозим.
3. Номзоднинг тўлдирилган сўровномаси ва таржимаи ҳоли:
Сўровнома ва таржимаи ҳол аниқ ва чиройли ёзувда шахсан номзод томонидан тўлдирилиши шарт.
Ҳужжатлар бланкаси сифатли бўлиши, маълумотлар аниқ бўлиши керак. Номзоднинг яшаш манзили, имзоси, телефон рақами аниқ кўрсатилиши зарур.
4. Тақдимнома (2 та)
1. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимларининг тақдимномаси;
2. Тавсия этаётган туман (шаҳар) ҳокимининг тақдимномаси.
Тақдимнома рангли бланкада, имзоланган, регистрация қилинган ҳамда номзоднинг асосий эришган ютуқлари қайд этилган ҳолда бўлиши лозим.
5. Тавсиянома (2 та)
1.Номзод таълим олаётган ёки ишлаётган муассаса раҳбарининг тавсияномаси;
2. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раисининг тавсияномаси.
Тавсиянома рангли бланкада, имзоланган, регистрация қилинган ҳамда номзоднинг асосий эришган ютуқлари қайд этилган ҳолда бўлиши керак.
6. Тавсифнома (3 та)
1. Номзод таълим олаётган ёки ишлаётган муассаса раҳбарининг тавсифномаси;
2. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раисининг тавсифномаси;
3. Номзод истиқомат қилаётган маҳалла фуқаролар йиғини раисининг тавсифномаси.
Тавсифнома имзоланган ва муҳрланган ҳамда номзоднинг барча эришган ютуқлари кенг ёритилган ҳолда бўлиши лозим.
7. Фикрномалар (4-5 та)
Фикрномалар номзоднинг йўналиши бўйича адиблар, шоирлар, журналистлар, маданият ходимлари, санъатшунослар, рассомлар, ҳайкалтарошлар, олимлар, фан номзодлари, педагоглар, спорт мураббийлари каби соҳа мутахассисларидан олинади.
Фикрнома имзоланган бўлиши, қайси уюшма ёки ташкилот аъзоси бўлса гувоҳнома рақами ва берилган йили ёзилган бўлиши лозим (Масалан, Ёзувчилар ёки Журналистлар уюшмаси аъзоси бўлса, аъзолик гувоҳномаси).
8. Тақриз (1-2 та)
Тақриз номзоднинг йўналиши бўйича илмий ва бадиий ижоди, тасвирий санъат намуналарига соҳа мутахассислари томонидан ёзилган бўлиши керак (Спорт ва шу каби айрим соҳалар учун тақриз ёзилмайди).
9. Номзоднинг эришган ютуқлари рўйхати
Сўнгги 3 йил давомида (айрим ҳолларда 3 йилдан олдинги даврда ҳам аҳамиятли ютуққа эришган бўлса, уни ҳам ёритиш) эришилган ютуқларни тасдиқловчи диплом, сертификат, фахрий ёрлиқ ва шу каби ҳужжатлар йиллар кетма-кетлигида, аввал асосий йўналиши бўйича, сўнг қўшимча фаолиятидан эришган ютуқлари бўйича ёзилиши керак.
Номзоднинг ютуқлари камида вилоят даражасида бўлиши лозим.
10. Номзоднинг эришган ютуқлари бўйича тасдиқловчи ҳужжатларининг нусхалари
Ҳужжатларнинг нусхалари рўйхат бўйича кетма-кетликда жойлаштирилган бўлиши шарт. Ҳужжатлар сифатли бўлиб, ундаги ёзув, муҳр ва маълумотлар аниқ кўриниши лозим.
Хорижий тилларда ёзилган ҳужжатларнинг таржимаси нотариал идора томонидан тасдиқланган ҳолда илова қилиниши керак. Ҳужжат берилган йилнинг ёзилганлигига ҳамда «Аслига тўғри» деб тасдиқланганлигига алоҳида эътибор қаратиш лозим.
11. Номзоднинг ташаббускорлиги, тарғиботчилиги, фаоллиги бўйича ҳужжатлар
Номзод ўқув муассасалари ёки маҳаллада тўгарак ташкил этиб, ёшларни жалб этган бўлса, тўгарак тузилганлиги ҳақидаги қарор ва бошқа тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши керак.
12. Номзоднинг ОАВларда эълон қилинган ижодий ёки илмий ишларининг рўйхати
Рўйхатда ижодий ёки илмий ишларнинг номи, қайси газета, журнал ёки нашриётларда чоп этилганлиги, нусхалар сони ҳақидаги маълумотлари йиллар кетма-кетлигида, жадвал шаклида ёзилиши лозим. номзод тўғрисидаги маълумотлар ёки уларнинг мақолалари ёритилган газета ва журналлар тақдим этилиши керак.
13. Номзоднинг ижодий ёки илмий ишларидан намуналар
Номзоднинг йўналишига оид ижодий ёки илмий ишлари чоп этилган газета ва журналлар нусхалари, бадиий-илмий китоблари, қўлланмалари, қўшиқлари кўчирилган диски ва бошқа шу каби аҳамиятли ишларидан намуналар илова қилиниши лозим (Китоблари нашриётда чоп этилган бўлиши шарт, компьютердан чиқарилга ва брошюралар тарзида бўлмаслиги лозим. Номзоднинг кичик шеърлари ёки аҳамиятсиз маълумотлари чоп этилган газета ва журналлар тақдим этилмаслиги керак).
14. Комиссия хулосаси ва қарори
Вилоят комиссияси аъзолари томонидан имзоланган бўлиши ва республика комиссиясида алоҳида тўплам сифатида сақланиши лозим.
15. Ишчи гуруҳ қарори
Вилоят ишчи гуруҳи аъзолари ёки жалб этилган экспертлар томонидан имзоланган бўлиши ва республика комиссиясида алоҳида тўплам сифатида сақланиши лозим.
16. Номзоднинг фуқаролик паспорти ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасидан нусха
Паспорт ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси сифатли даражада, ундаги ёзув ва муҳрлар аниқ кўриниши керак.
17. Номзоднинг ота-онасининг фуқаролик паспортидан нусха
Паспорт нусхаси сифатли даражада, ундаги ёзув ва муҳрлар аниқ кўриниши керак.
18. Номзоднинг ота-онасининг иш жойидан маълумотнома
Маълумотномада ота-онасининг иш жойи ва лавозими тўлиқ кўрсатилган холда кадрлар бўлими бошлиғи томонидан имзо ва муҳр билан тасдиқланган бўлиши лозим.
19. Номзоднинг ота-онасининг яшаш жойидан маълумотнома
Маълумотномада ота-онасининг яшаш манзили кўрсатилган бўлиши ҳамда маҳалла раиси томонидан имзо ва муҳр билан тасдиқланиши лозим.
20. Номзоднинг фотосурати
Номзоднинг 9х12 см. ҳажмдаги юқори сифатли 2 дона фотосурати тақдим этилади. Фотосуратда:
- ўқувчининг расмий кийимда, оқ рангдаги кўйлак ва қора рангли классик шаклдаги костюмда, ортиқча тақинчоқ ва бўёқларсиз, соч турмаги тепага ёки ёнга йиғилган, фотосуратнинг орқа фони оч ҳаворангда бўлишига алоҳида эътибор қаратиш керак.
21. Номзоднинг фаолияти акс эттирилган фотолавҳалар (5-6 та)
Фотолавҳалар ҳужжатларга қўшимча равишда тақдим этилиши мумкин.
Фотолавҳаларда фақат ижодий ва ижтимоий фаолияти акс этган бўлиши лозим.
Зулфия номидаги давлат мукофотининг саралаш босқичи қуйидаги 2 босқичда кўриб чиқилади:
1-босқич ҳужжатлар билан танишиш;
2-босқич юзма-юз суҳбат ва савол-жавоб.

Шу ўринда бу мукофотни олиш истагида бўлган қизларимизга эслатма. Аслида ҳақиқий мукофот бу сизнинг ибо-ҳаёнгиз ва истеъдодингиз, билимингиздир.
Маъмура Тўраева тайёрлади
#Мақола