Жисмоний шахсларнинг бир қатор даромадлари қонун билан солиқдан озод қилинади. Мазкур даромадлар таркиби Солиқ кодексининг 378-моддасида белгиланган.
Бундай имтиёзларда бири ушбу модданинг 16-бандига кўра Солиқ тўловчининг фарзандларига нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва (ёки) мактаблар кўрсатадиган таълимга оид хизматлар учун ота-она (фарзандликка олувчилар) томонидан ҳар бир фарзанд учун тўланадиган ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловлар учун йўналтирилган солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадлари даромад солиғидан озод қилинади.
Мана шу қоидага кўра, агар ота-она фарзандларини хусусий мактабга ёки боғчага берган бўлса, уларнинг ўқиши учун йўналтирилган 3 млн сўмгача бўлган иш ҳақи даромад солиғидан озод қилинади.
Мазкур имтиёз ҳар бир фарзанд учун берилгани ҳисобга олинса, ота-она 2 нафар фарзандини хусусий боғчага берса, унда 6 млн сўмгача даромад солиқдан озод қилинади.
Имтиёздан фойдаланишнинг 2 хил усули мавжуд:
Биринчиси, иш ҳақидан даромад солиғи ушлаб қолишда қўлланилади. Яъни ота-она иш берувчи номида иш ҳақидан фарзандларининг хусусий мактаб ёки боғчага тўлов учун ўтказиш ҳақида ариза бериши ва мазкур ариза хусусий мактаб ёки боғча билан тузилган шартномани илова қилиши керак бўлади.
Бунда иш берувчи солиқ агенти сифатида Солиқ кодексининг 386-моддасига мувофиқ ходимларининг иш ҳақларидан даромад солиғини ҳисоблаб, уни бюджетга йўналтириш жараёнида солиқ имтиёзини қўллайди. Бундай ҳолатда имтиёз автоматик равишда қўлланилиб, иш ҳақининг хусусий таълимга йўналтирилган қисмидан солиқ ҳисобланмайди.
Иккинчиси, агар ота-она иш ҳақи олгандан сўнг, фарзандларининг таълими учун хусусий мактабга йўналтирган бўлса, Солиқ кодексининг 103-моддасига биноан ота-она ортиқча тўланган солиқни қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунинг учун ушбу кодекс 105-моддаси асосида ота-она солиқни қайтариш бўйича солиқ органига ариза бериши талаб этилади. Аризани ёзма шаклда ҳудудий солиқ органи борган ҳолда бериш мумкин.
Шунингдек, электрон шаклда ушбу ҳавола орқали жами йиллик даромад ҳақида деклоратсия тўлдирилади. Шундан сўнг, my.gov.uz сайтидан ЖШ ортиқча тўланган солиқ суммасини қайтариш ҳақида ариза берилади.
Бунда ортиқча ундирилган солиқ суммаси солиқ тўловчига ариза қабул қилинган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, ариза берувчига қайтарилади.
Асос: Юрист Хизмати
#Мақола