15 март куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда соҳанинг долзарб масалалари танқидий-таҳлилий муҳокама қилиниб, бир қатор муҳим қарорлар қабул қилинди.
Жумладан, давлат буюртмасини кенгайтириш вазифаси ижроси ўлароқ олийгоҳларда грант асосидаги давлат буюртмаси 25 мингтагача оширилади. Шунингдек, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 3,5 минг нафар эҳтиёжманд оила фарзандлари грант асосида қабул қилиниши белгиланди.
Таълим сифатини ошириш ва халқаро стандартларга мослаштириш мақсадида 2025/2026-ўқув йилидан давлат олийгоҳларининг табиий фанлар, муҳандислик-техника, иқтисодиёт ва молия йўналишларида “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил ривожланиш” фани жорий этилади. Барча ўқув дастурлари ТОП-300 таликка кирган университетлар дастурлари асосида такомиллаштирилади.
Касбий таълим ва илмий салоҳиятни ошириш йўналишидаги касбий таълим ташкилотларида малакали педагоглар улушини 35 фоизга етказиш, техникумлардаги вакант директор лавозимларига очиқ танлов асосида малакали кадрларни жалб қилиш чоралари кўрилади.
Инвестициялар ва грантларни жалб қилиш мақсадида 2025 йилда тизим бўйича 65 млн доллар инвестиция жалб қилиш режалаштирилган бўлса, 1-чорак якунига келиб 8,6 млн доллар ўзлаштирилди. Йирик олийгоҳлар томонидан 20-30 млн доллар инвестиция жалб қилиш ва техникумларда экспорт ҳажмини 1 млн долларга етказиш чоралари белгиланди.
Коррупцияга қарши кураш ва шаффофликни таъминлаш тизимдаги фаолият юритувчи барча раҳбар-ходимларнинг асосий вазифаси бўлади. Ҳисобот даврида тизим бўйича 147 та коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик қайд этилган. Шу сабабли давлат харидлари жараёнларини шаффофлаштириш ҳамда манфаатлар тўқнашувини олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўрилади.
Йиғилиш давомида камчиликларга танқидий баҳо берилди. Хусусан, айрим олийгоҳларда халқаро таълим дастурлари ва инвестицияларни жалб қилиш борасида сусткашликка йўл қўйилаётгани қайд этилди. Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ва Самарқанд ветеринария университети бириктирилган маҳаллаларда амалий ишлар бошланмагани таъкидланди.
Ҳайъат йиғилиши якунида масъул раҳбарларга барча топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш бўйича қатъий кўрсатмалар берилди. Ижро натижалари доимий мониторинг қилиб борилиши таъкидланди.
#Янгиликлар