Мақолалар 28/05/2025 Қашқадарёдаги мактабни 1 нафар ўқувчи битирди

Китоб туманидаги “Аспидухтар” қишлоғида жойлашган 60-мактабнинг филиалида атиги 15 нафар ўқувчи таҳсил олади. Шулардан бир нафари Муслима Тоштемировадир бу йил 11-синфни тамомлаган.

Унинг умуман синфдошлари йўқ ва у мактабнинг жорий йилдаги ягона битирувчиси ҳисобланади.

Хабарга кўра, уни ўқитиш учун ҳар куни 3-4 нафар ўқитувчи, ҳафталик жадвалга мувофиқ жами 14 нафар педагог 7 километр масофадан қатнаб дарс ўтиб келган. Лекин бу 7 километр оддий масофа эмас, бу – тоғли, қаттиқ ёғинлардан кейин юриш деярли имконсиз бўлиб қоладиган йўл.

“Ҳар куни устозлар турли йўналишлардан қатнаб, у учун дарс ўтади. Бир қарашда мўъжизага ўхшайди. Лекин бу фидойиликдир. Бу касбга садоқатдир”, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ўқувчиларга сабоқ бериб келаётган ўқитувчилардан бири Саттор Ҳабибов қиш кунларида тоғ йўлидан “Нива” автомобилида мактабда қатнаган ва ўз вазифасини адо қилган.

“Бугун 5 соат дарс ўтаман. Ҳар куни уч-тўрт нафар ҳамкасбларим билан навбатма-навбат келамиз. Қор бўлса, бир кун аввал келиб тунаб қоламиз. Бир ўқувчи бўлса ҳам – у келажак”, – деган ўқитувчилардан бири.

“Қишлоғимизда шифокор йўқ. Мен яхши ўқиб, шифокор бўлмоқчиман. Шу ерга қайтиб, одамларга ёрдам беришни орзу қиламан”, – деб, ўзи мақсадини айтган битирувчи Муслима Тоштемирова.

24 май куни бўлиб ўтган “Сўнги қўнғироқ” тадбирида устозлар, ота-оналар ва қишлоқ аҳли бу йилнинг ягона битирувчиси Муслима Тоштемировани қутлаган.

Хабар якунида Япониянинг Хоккайдо оролида 2016 йили битта ўқувчи қиз учун поезд қатнови ташкил этилгани бутун дунёда илҳом манбаига айланган бўлса, ушбу тоғли қишлоқда битта ўқувчига таълим бериш учун ўн тўрт фидойи устоз тоғлардан ўтгани худди шундай мўъжиза эканлиги таъкидланган.

#Мақола  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг