Янгиликлар 27/02/2025 “Раҳбар аёллар мактаби” иштирокчилари Рақамли технологиялар вазирлигида

   Жорий йилнинг 17 февралидан бошлаб Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида “Раҳбар аёллар мактаби” дастурининг янги мавсумига старт берилди. Мазкур дастур доирасида танлаб олинган 100 нафар хотин-қизлар учун махсус ўқув дастурлари ва амалий машғулотларнинг навбатдаги босқичи ташкил этилди. Ушбу ташаббус хотин-қизларнинг раҳбарлик салоҳиятини ошириш, уларнинг бизнес ва тадбиркорлик соҳасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда малакали етакчиларга айланишларига кўмак беришга қаратилган.

   Дастур давомида иштирокчилар малакали экспертлар ва соҳа мутахассислари томонидан олиб бориладиган семинар-тренинглар ҳамда амалий машғулотларда иштирок этмоқдалар. Бундан ташқари, давлат муассасалари, саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарига ташрифлар уюштирилиши режалаштирилган бўлиб, бу иштирокчиларга реал иш жараёнлари билан яқиндан танишиш ва тажриба алмашиш имкониятини тақдим этмоқда.

   Шу муносабат билан, жорий йилнинг 25 февраль куни “Раҳбар аёллар мактаби” дастури иштирокчилари Рақамли технологиялар вазирлигида бўлиб, вазирлик фаолияти ва амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишишди. Ушбу ташриф доирасида вазирлик ҳузуридаги ташкилотлар биносида сайёр машғулотлар ташкил этилиб, иштирокчиларга ахборот технологиялари, рақамли трансформация ва давлат секторида инновацион ечимлар жорий этилиши борасида батафсил маълумот берилди.

   Тадбир давомида Рақамли технологиялар вазири биринчи ўринбосари Олег Пекос, вазир маслаҳатчиси Камола Собирова, шунингдек, UZINFOCOM компанияси стратегик директори Дилдора Турсунова иштирокчилар билан учрашиб, рақамли технологиялар соҳасидаги долзарб мавзулар, инновацион лойиҳалар ва вазирлик фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббуслар ҳақида батафсил маълумот бердилар.

   Учрашув очиқ мулоқот шаклида ўтказилиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди ва давлат бошқарувида рақамли технологияларнинг тутган ўрни, хотин-қизларнинг IT соҳасидаги имкониятлари ҳамда уларнинг етакчилик салоҳиятини ошириш масалалари бўйича фикр алмашилди.

   Мазкур ташриф дастур иштирокчиларига рақамли технологияларни чуқурроқ ўрганиш ва ўз соҳаларида замонавий инновацион ечимларни жорий этиш бўйича муҳим тажриба ва билим олиш имкониятини яратди.

#Таълим телеканали   #Янгиликлар  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг