Янги ўқув йили бошлангани муносабати билан барча талабалар, айниқса, 1-курсга кирганлар стипендия бўйича қуйидаги қоидаларни билиб қўйишса зарар қилмайди:
Давлат грантида ўқийдиганлар учун:
- умумий қоидага кўра, давлат грантида ўқийдиганларнинг барчаси базавий 517 минг 880 сўм стипендия олади;
- агар давлат грантида ўқийдиган талаба семестр якунида барча фанлардан “аъло” (5) баҳо (рейтинг кўрсаткичи 86 балл ва ундан юқори) олса, унда унга стипендиянинг базавий миқдори 20%га оширилган ҳолда, яъни ҳозирда 621 минг 456 сўм миқдорида стипендия тайинланади;
- агар давлат грантида ўқийдиган талаба 30% ва ундан ортиқ фанлардан “қониқарли” (3) баҳо (рейтинг кўрсаткичи — 71 баллдан кам) олса кейинги семестр давомида стипендия тўланмайди.
- агар давлат грантида ўқийдиган талаба барча фанларни тўлиқ 5 баҳога ёпмаган ёки 30%дан кўпроғида 3 баҳо олмаган бўлса, унда унга базавий стипендия — 517 минг 880 сўм тайинланади.
Тўлов-контракт асосида ўқийдиганлар бўйича:
- агар талаба стипендияли контракт тўлаган бўлса, унда ҳар ой ўзлаштириш кўрсаткичидан қатъи назар базавий 517 минг 880 сўм стипендия олади, агар стипендиясиз тўлаган бўлса, унда олмайди;
- агар тўлов-контрактда ўқиётган талаба семестрда барча фанларни “5” баҳога ёпса, унда қуйидагича стипендия олади:
- стипендияли тўлаганлар — 621 минг 456 сўм (517 880 + 103 576);
- контрактни стипендиясиз тўлаганлар — 103 минг 576 сўм (517 800 сўмдан 20%).
Демак, ҳаттоки стипендиясиз контрактда ўқиётган талабалар ҳам барча фанлардан “5” баҳо олса, унда уларга ОТМнинг Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан 103 минг 576 сўм стипендия тайинланади. Стипендияли контрактда ўқиётганларники эса 20%га кўп, яъни 621 минг 456 сўм тайинланади;
- тўлов-контрактни стипендияли тўлаган талабалар сессияни 3 ёки 4 баҳога ёпишидан қатъи назар, уларга кафолатланган ҳар ойлик 517 минг 880 сўм стипендия берилади.
Алоҳида тоифадаги талабаларнинг стипендия олиши:
- аввалги ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларидан қатъи назар 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган ўзлаштираётган (фанлардан қарзи бўлмаган) талабаларга (грант ёки контракт) стипендиянинг базавий миқдорига нисбатан 50 фоиз юқори 776 минг 820 сўм (517 800 + 258 940) миқдорда стипендия тайинланади ва тўланади.
- аввалги ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларидан қатъи назар тўлиқ давлат таъминотида бўлган ўзлаштираётган (фанлардан қарзи бўлмаган) етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабаларга Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендиянинг базавий миқдорига нисбатан 50 фоиз юқори 776 минг 820 сўм (517 800 + 258 940) миқдорда стипендия тайинланади ва тўланади.
Барча жавоблар Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 январдаги 59-сон қарори асосида тайёрланган.
Манба: https://t.me/OTM_Minbari/50264
#Таълим телеканали
#Талаба