Олийгоҳлар Дарсликлар Олийгоҳ танлаш боти
Ўзбек ▾
O'zbekЎзбекРусскийIngliz tili
Янгиликлар

Техникумларда яна 45 та BTEC дастури жорий этилади

Техникумларда яна 45 та BTEC дастури жорий этилади

Фото: Daryo.uz

2026/2027-ўқув йилида Ўзбекистоннинг яна 45 та техникумида Пеарсон BTEC International Level 3 Extended Diploma дастурлари жорий этилади. Касб-ҳунар таълими агентлиги маълумотига кўра, дастурга яна 3 500 нафар талаба жалб этилиши режалаштирилган.

Дастур олтита устувор тармоқдаги 79 та йўналишни қамраб олади. Таълим ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида олиб борилади. Техникумларда қуйидаги йўналишлар бўйича BTEC курслари ўқитилади:

  • мухандислик иши;
  • ахборот технологиялари;
  • қурилиш;
  • саёҳат ва туризм;
  • меҳмонхона бизнеси;
  • соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ёрдам.

Дастур нимани беради?

BTEC дастурларида ихтисослик фанлари амалий машғулотлар ва касбий фаолиятга яқин топшириқлар билан уйғунлаштирилади. Талабалар билим ва кўникмаларини келажак касбига мос вазифаларда намойиш этади. Бу эса битирувчиларнинг ишга жойлашиш ва ўқишни давом эттириш имкониятларини кенгайтиради.

Иштирок этувчи муассасалар

Рўйхатда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда деярли барча вилоятлардаги техникумлар бор. Жумладан, Нукус шаҳар 1-сонли, Самарқанд шаҳар 1-сонли, Чирчиқ шаҳар 1-сонли, Фарғона шаҳар 4-сонли, Бухоро шаҳар 1-сонли ва Чилонзор туман 1-сонли техникумлар. Шунингдек, Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумлари (Андижон, Самарқанднинг Сиёб ва Термиз шаҳридаги) ҳам дастурга киритилган.

Қабул қилингандан кейин

Қабул қилинган талабалар тегишли BTEC малакасига рўйхатдан ўтказилади. Ўқув жараёни бошланишидан олдин техникум таълим маркази ва Пеарсон BTEC дастури тасдиқлаш босқичидан ўтади: ўқитувчилар малакаси, зарур ресурслар ва сифатни таъминлаш механизмлари баҳоланади. Талабларни бажарган талабалар Пеарсон BTEC малакасини олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Дунёнинг 70 та мамлакатида қўлланилаётган бу дастур Ўзбекистонда илк бор Нукус техникумида жорий этилган. Келгуси йилларда ташаббус яна кўплаб техникум ва талабаларни қамраб олиши кутилмоқда.

Манба: Daryo.uz

Улашиш: Telegram Facebook
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлингБизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг Обуна бўлинг