Янгиликлар 17/03/2025 Топ-500 таликка кирган олийгоҳ битирувчиларига қўшимча устамалар берилади

Халқаро рейтингларда биринчи 500 таликка кирган олийгоҳни битирган ёки илмий даража олган ходимлар ойлигига қўшимча устамалар тўланади.

Қўшимча устамалар Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, ёш мутахассис ва унинг иш берувчиси ўртасида тузилган шартнома асосида ҳар ойда тўлаб борилади. Шартнома 3 йилгача муддатга тузилади. Тўловлар иш берувчи томонидан амалга оширилади.

Халқаро рейтингда 1-ўриндан 100-ўрингача бўлган хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларини тамомлаган ёш мутахассисларнинг лавозим маошларига БҲМнинг 30 баравари миқдорида устама ҳақ тўланади. Магистратурани тамомлаган ёш мутахассисларга лавозим маошига БҲМнинг 40 баравари миқдорида, хорижий олий таълим муассасаларида илмий даража (ПҳД ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даражалар) олган ёш мутахассисларга эса лавозим маошига БҲМнинг 75 баравари миқдорида устама ҳақ тўланади.

Рейтингда 101-ўриндан 300-ўрингача бўлган хорижий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратурасини тамомлаган мутахассисларга тегишли равишда БҲМнинг 20 баравари ва 30 баравари миқдорида устама тўланади. Ўша олий таълим муассасасида илмий даражага эга бўлганларга БҲМнинг 60 баравари миқдорида қўшимча ҳақ тўланади.

Рейтингда 301-ўриндан 500-ўрингача бўлган ОТМ битирувчиларига БҲМнинг 15 бараваридан 50 бараваригача миқдорда устама тўланади.

Халқаро миқёсда тан олинган рейтинг ташкилотлари Quacquarelli Symonds World University Rankings, Тимес Higher Education, Academic Ranking of World University ҳисобланади.

#Янгиликлар  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг