Ижтимоий тармоқларда “Тошкент шаҳрида вақтинчалик рўйхатда турганлар мактабга қабул қилинмаяпти” сарлавҳаси остида тарқалаётган хабарлар тарқалди. Бу бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот котиби Дилфуза Собирова ўз муносабатини берди.
Хабарингиз бор, умумтаълим мактабларига болаларни 1-синфга қабул қилиш жараёнлари жорий йил 20 июндан бошланганини хабар берган эдик.
Маъмурий регламентга кўра, қабул жараёни 2 босқич (20 июндан 1 августга қадар бириктирилган микроҳудуд доирасида, 1 августдан 15 августга қадар микроҳудуддан ташқари қабул доираси) да амалга оширилади.
Айни вақтда 1-синфга қабул бўйича электрон платформалар Ички ишлар вазирлигининг “Яшаш манзил реестри” ва Адлия вазирлигининг тегишли электрон тизимларига интеграция қилинган ҳамда шу асосда мактабга бириктирилган микроҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фарзандлари мактабга қабул қилинмоқда.
Шунингдек, бундан кўзланган асосий мақсад, ўқувчиларни мактабга хавфсиз қатнаши учун уларни яшаш манзилидаги мактабга биринчи навбатда қабул қилиш, бошқа ҳудуддаги мактабларга қатнашда болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва тирбандликларни олдини олишдан иборат.
1 августдан бошлаб микроҳудуддан ташқари қабул доирасида, шу жумладан вақтинчалик рўйхатга қўйилган фуқароларнинг фарзандлари ҳам мактабга қабул қилинади.
ъъҲурматли ота-оналар!
Вақтинчалик рўйхатда турган фуқароларнинг фарзандларини мактабга қабул қилишда чекловлар мавжуд эмас.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда “Таълим тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, мактаб ёшига етган ҳар бир боланинг билим олиш ҳуқуқи кафолатланади ва ҳеч бир бола таълимга жалб этилмасдан — мактабга жойлашмасдан қолмайди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ушбу қонуний талаблардан келиб чиққан ҳолда, болаларнинг билим олиш ва мактабга жалб этишда бирдек масъул ва манфаатдордир.
Ота-оналардан фарзандларини жорий йил 31 июлга қадар доимий яшаш манзили бўйича мактабга жойлаштиришларини сўраган ҳолда, 1 августдан эътиборан микроҳудуддан ташқари мактабларга бериш имконияти борлигини эслатиб ўтамизъъ, — дейилади муносабатда.
Маълумот учун: жорий ўқув йилида 738 минг нафар бола биринчи синфга қабул қилиниши режалаштирилган. Бугунги кунга қадар умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфига 512 минг нафардан ортиқ болалар қабул қилинган.
#Мақола