Мақолалар 18/05/2025 Боғча болаларини танқидий ва креатив фикрлашга ўргатадиган дастурлар ишлаб чиқилади

15 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактаб таълими юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда сўнгги етти йилда боғчалар билан қамров 700 мингдан 2,3 миллионга етказилгани ҳамда республика бўйлаб 7 мингта давлат ва 31 мингдан зиёд хусусий боғчалар фаолият юритаётгани таъкидланган.

“Қамров ошди, лекин сифат бўйича қиладиган ишларимиз кўп. Боғчалар нафақат тарбия, балки болада таълим олиш учун илк кўникмаларни шакллантирадиган масканга айланиши керак”, – деди Президент.

Олти ёшли болалар мактабга тайёрлов гуруҳларига деярли тўлиқ қамраб олинган. Кейинги йил бу рақам 100 фоизга чиқиши кутилмоқда.

Эндиликда жорий йилдан илғор хорижий тажриба асосида мактабга тайёрлов гуруҳлари ва бошланғич таълим ўқув дастурларини ўзаро уйғунлаштириш зарурлиги таъкидланган.

Бунда Сингапурнинг нуфузли ташкилоти билан боғча болаларини математика, табиий фанлар ва технология йўналишларида танқидий ва креатив фикрлашга ўргатадиган дастурлар ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.

Давлат ва хусусий боғча тарбиячиларининг малакаси, маҳорати ва психологик тайёргарлигини ошириш учун касбий сертификатлаш тизими жорий этилиши белгиланган.

#Мақола  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг