Янгиликлар 06/05/2025 Давлат бошқарув академиясида магистратура тикланди

Президент Шавкат Мирзиёев 5 май куни истиқболли кадрларни мақсадли тайёрлаш ва мутахассисларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлашга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.

Тақдимотда келтирилган маълумотларга кўра, Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида “Ҳокимлар мактаби”, “Раҳбар аёллар мактаби”, “Келажак лидерлари” каби курсларда илғор таълим дастурлари йўлга қўйилган. Ўтган ўқув йилида 13 мингдан зиёд тингловчиларнинг малакаси оширилган.

Янги тизимга асосан, энди давлат хизматчилари учун 3 та дастур – малака ошириш, қайта тайёрлаш ва магистратура йўлга қўйилади.

Барча узоқ ва ўрта муддатли ўқувлар хорижий ҳамкорлар билан қўшма таълим дастурлари ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг таянч тавсиялари асосида ташкил этилади.

Магистратурада “Давлат бошқаруви”, “Давлат сиёсати”, “Ҳудудларни комплекс ривожлантириш”, “Инсон ресурсларини ривожлантириш” ва “Давлат молиясини бошқариш” йўналишларида 18 ойгача муддатда чуқурлаштирилган билимлар берилади. Давлат буюртмасидан ташқари тўлов-контракт шаклида ҳам талабгорлар қабул қилинади.

Академияда таълим дастурлари ва илмий тадқиқотлар сифатини ошириш бўйича тавсиялар бериш, нуфузли хорижий илмий-таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш учун Халқаро академик маслаҳат кенгаши тузилади.

Шунингдек, академия ҳузурида 4 та янги марказ ташкил этилмоқда. Мисол учун, Давлат бошқаруви муаммоларини илмий-амалий тадқиқ этиш маркази давлат хизмати самарадорлигини ошириш, хусусий сектордаги илғор амалиётларни давлат бошқарувида жорий қилишга қаратилган тавсиялар бериб боради.

#Янгиликлар  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг