19 май куни АОКАда малака тоифа синовлари бўйича ўтказилган брифингда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова аттестация жараёнларига оид маълумотлар ҳақида хабар берди.
Маълумотларга кўра, педагоглар малака тоифа синовларида қатнашган салкам 59 фоиз ўқитувчи аттестация имтиҳонидан ўта олмаган.
Ушбу синовларда иштирок этиш учун умумий ҳисобда 190 мингга яқин педагоглар онлайн шаклда ариза топширган бўлиб, уларнинг 177,640 нафари (умумий аризачиларнинг 95%и) жараёнларда қатнашган. Шунингдек, ўрнатилган тартиб-қоидаларни бузганлиги сабабли 75 нафар педагог синовдан четлаштирилган. Бу масалада тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилган.
Аттестацияда айрим сабаблар билан иштирок эта олмаган педагоглардан таҳририятимизга бир қанча саволлар келиб тушмоқда. Яъни, турли сабаблар билан қатнаша олмаганлар педагоглар учун қўшимча аттестация синовлари ўтказиладими?
Педагог ходимларни аттестациядан ўтказиш Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарори билан тасдиқланган “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом билан тартибга солинади.
Мазкур низомнинг 45-бандига кўра, педагог кадрлар аттестацияга узрли сабабга кўра келмаган бўлса, уларнинг аттестацияси бошқа муддатга кўчирилади.
– ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлиги;
– давлат ёки жамоат вазифаларини бажарганлиги;
– республика ва халқаро мусобақаларда иштирок этганлиги;
– вақтинча хорижий мамлакатда сафарда бўлганлиги;
– яқин қариндошининг вафоти;
– ваколатли давлат органи ёки таълим ташкилотлари раҳбарларининг маълумотномасида кўрсатилган бошқа асослар.
Бунда узрли сабабларга кўра малака (тест) синовларида иштирок эта олмаган педагоглар учун тест синовлари бўлиб ўтадиган кунлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан эълон қилинади.
Эслатма! “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 22-бандига кўра, педагог кадрлар узрли сабабларга кўра навбатдан ташқари аттестацияга келмаганлиги туфайли уларнинг аттестацияси бошқа муддатга кўчирилган тақдирда, йиғим такроран ундирилмайди.
#Янгиликлар