Ўтган йили илк марта айрим абитуриентларнинг шахсий кабинетида қуйидагича ёзув пайдо бўлган эди:
Сиз аввалги йилларда давлат гранти асосида талабаликка тавсия этилганингиз сабабли жорий йилда давлат гранти учун танловда иштирок эта олмайсиз.
Шу бўйича изоҳ бермоқчиман. 2024 йил 25 майдаги Президент фармонига асосан янги тартиб белгиланди. Унга кўра:
иккинчи ва ундан кейинги олий таълим тўлов-контракт асосида амалга оширилади, шунингдек, олий таълимнинг тегишли босқичига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган талабага иккинчи марта таълимнинг ушбу босқичи учун давлат гранти ажратилмайди.
Фармоннинг мазкур бандидаги иккинчи ва ундан кейинги олий таълим ҳақидаги қоида янгилик эмас, бу “Таълим тўғрисида”ги қонунда ҳам бор эди. Яъни иккинчи мутахассислик доим тўлов-контракт асосида бўлади, унга давлат гранти ажратилмайди.
Фармон бандидаги янги қоида айни вақтда талаба бўлиб турганларга тааллуқли эди. Яъни эндиликда олий таълимнинг тегишли босқичига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган талабага иккинчи марта таълимнинг ушбу босқичи учун давлат гранти ажратилмайди.
❓Бу нима дегани?
Энг аввало, бу ерда тўлиқ контрактда ўқиш ҳақида гап кетмаётганини таъкидлаш керак. Фақат талаба грантда ўқиган босқичи учунгина грант ажратилмайди. Масалан, 1-босқичга грантга кирган талаба, келаси йили яна қайта топширса, у 1-босқичда албатта контрактда ўқийди, лекин ўзлаштириши юқори бўлса, 2-босқичдан давлат грантига ўтиши мумкин.
Агар талаба 2 йил давомида давлат грантида ўқиб, кейин фикри ўзгариб, бошқа йўналишга қайта топширса ва талабаликка яна грант асосида қабул қилинса, унда унга 2 йил давомида грант ажратилмайди, контрактда ўқишга мажбур бўлади. Лекин 3 ва 4-курсда давлат грантига ўтиши мумкин.
Жорий йилда ҳам худди шу тартиб амал қилишда давом этади. Яъни:
1) ҳозир талаба бўлиб турганлар ҳам абитуриент сифатида қайта ҳужжат топшира олади;
2) мабодо давлат грантида ўқиётган талаба топширса, у ўзи ўқиган курсигача грант ололмайди.
#Мақола