Мактаблар 06/03/2025 Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби

   Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 19 февраль куни Сирдарё вилоятига ташрифида Гулистон шаҳрида халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ташкил этилиши бўйича таклиф бергандан сўнг, ўша йили март ойида бу мактабга тамал тоши қўйилган.

   Ҳалима Худойбердиева номи билан аталган ижод мактаби, она тили ва адабиёт фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослашган таълим муассасасидир.

    2019 йил 18 май куни Вазирлар Маҳкамаси томониданГулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган. Шундан сўнг Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби 2019 йил 26 декабрда қуриб фойдаланишга топширилиши белгиланган.

   150 ўринга мўлжалланган ушбу мактаб Ўзбекистоннинг моҳир ва иқтидорли ёшларини тарбиялаш ва уларнинг адабиётга бўлган қизиқишларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган.

    Ҳозирги кунда мактабда 7-синфдан 11-синфгача жами 196 нафар ўқувчилар таълим олмоқда. Уларга 20 нафар юқори малакали олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар таълим беришмоқда.

  • Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби қуйидаги мақсад ва вазифаларни ўз олдига қўйган:
  • Ўқувчи-ёшлар орасидан бадиий адабиёт ва бошқа ижод соҳаларига қизиқадиган, иқтидорлиларини саралаш, улардаги истеъдодни янада ривожлантириш учун тегишли шароит яратиш;
  • Замонавий билимларга эга, эркин фикрлайдиган, жаҳондаги тенгдошлари билан рақобатлаша оладиган ижодкор ёшларни тарбиялаш бўйича илғор педагогик технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш;
  • Ижод мактаблари ўқувчиларини барча соҳалар бўйича билим, малака ва кўникмаларга, кенг тафаккурга эга бўлган замонавий шахс сифатида вояга етказиш;
  • Иқтидорли болаларга она тили ва адабиёт соҳасининг сир-асрорларини ўргатиш билан бирга уларнинг дунё тилларини чуқур ўрганишини таъминлаш, бу билан келажакда ўзбек адабиёти, журналистикаси орқали ўзбек адабиёти ва санъати, фан ютуқларининг жаҳонга кенг оммалашишини таъминлаш.

   2023-2024 ўқув йилида ижод мактабининг битирувчилари 100% натижа билан 22 нафари давлат гранти асосида, қолганлари тўлов-контракт асосида ОТМларга ўқишга қабул қилинган.

   Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг берган маълумотига кўра республикамизда мавжуд 10200 дан ошиқ умумтаълим мактаблари ва академик лицейлар, касб-ҳунар таълими мактаблари орасида олий таълимга кириш тестларида 3-ўринни, яъни ўртача 164 баллни Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ўқувчилари тўплаганлиги эътироф этилган.

Ҳозирги кунда 9-11-синф ўқувчиларининг 71 нафари чет тилини билиш ҳамда умумтаълим фанларидан халқаро ва миллий сертификатларни қўлга киритишган.

  Фан олимпиадаларининг ҳудудий босқичида ижод мактабининг 6 нафар ўқувчилари фахрли ўринларни қўлга киритиб, Республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлишган.

  Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ўқувчиларнинг ижод намуналари Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳомийлигида нашр этиладиган “Ижод боғидан гулдаста” шеърий тўпламининг  4 та сонида чоп этилган бўлиб, ушбу шеърий тўпламда жами 57 нафар ўқувчиларнинг ижодий ишлари чоп этилган.

    Бугунги кунда ҳам ўқувчиларнинг илмий мақолалари Туркия Республикаси, Франция, АҚШ, Канада давлатларида ташкил қилинаётган конференция журналларида чоп этилмоқда.

  Ижод мактабида чет тилларини ўқитишга алоҳида эътибор берилган бўлиб,турк тилини иккинчи тил сифатида ўқитиш йўлга қўйилганлиги сабабли хорижий турк тили ўқитувчиси Режеп Акис мактабга жалб этилган. Шунингдек, ҳозирда  Ўзбекистон Жаҳон тиллари университети билан ҳамкорликда хитой тили ҳам ўқитилмоқда.

  Ижод мактаби ўқувчилари Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги  ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан ўтказилган 20 дан ортиқ танлов ва фестивалларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритган.

    Мактабда ўқувчилар учун 5 маҳал овқат, турар жойлари ва бир қанча фан тўгаракларидан ташқари қуйидаги тўгараклар ҳам доимий фаолият олиб боради.

· “Ижодий”;

· “Журналистика”;

· “Тележурналистика”;

· “Тасвирий ва амалий санъат”;

· “Дизайн”;

· “Компьютер графикаси”;

· “Веб дастурлаш”;

· “Драма”;

· “Доира”;

· “Дутор”;

· “Рақс”;

· “Тикувчилик”.

 Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги

  Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабига 2024-2025-ўқув йили учун белгиланган квота доирасида 7, 8, 9 ва 10-синфларга ўқувчилар қабул қилинади.

  Қабул учун ҳужжатлар 1 июндан 20 июнга қадар онлайн шаклда ariza.piima.uz сайти орқали амалга оширилади.

Ижод мактабларига қандай ҳужжатлар талаб этилади?

Талабгорнинг:

  • туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси;
  • фотосурати;
  • Ўқувчининг тегишли ўқув йили баҳолар табелининг мактаб директори томонидан тасдиқланган нусхаси;
  • ота-онасининг паспорт маълумотлари ва телефон рақамлари аниқ ва бехато киритилиши лозим.

Имтиҳон босқичлари.

  • 1-босқич: ижодий матн яратиш;
  • 2-босқич: ижодий суҳбат;
  • 3-босқич: она тили ва адабиёт фанидан 20 та, инглиз тили фанидан 15 та ҳамда 15 та IQ тест.

📞cалл-марказ: 1206

   

     Бугунги кунда Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби қуйидаги ижтимоий тармоқларда фаол фаолият олиб боради:

  Агар сизнинг ҳам фарзандингиздаги ижодий қобилиятни аниқласангиз ёки қўшимча саволлар пайдо бўлган бўлса, қуйидаги манзилга ва рақамларга мурожаат қилишингиз мумкин:

  • Электрон почта:          imxxd@piima.uz
  • Сайт: https://ijodmaktabi.uz
  • Манзил:  Сирдарё в. Гулистон ш. Ислом Каримов к. 9-уй
  • Телефон рақам: (67) 225-77-48

  Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби Ўзбекистоннинг ёш ижодкорларини тарбиялашда муҳим роль ўйнайди.

  Бизни кузатишда давом этинг Таълим телеканали таълимдаги энг сўнгги янгиликларни ҳар доим сиз билан бўлишишга тайёр!

Маъмура Тўраева тайёрлади

#Мактаб  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
СЎНГИ ЯНГИЛИКЛАР