2025 йил 25 февраль куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов раислигида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вазирлик марказий аппарати ҳамда тизим ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини комплекс ривожлантириш, олийгоҳлар учун хорижий адабиётларни таржима қилиш ҳамда ижро интизоми билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Биринчи масала юзасидан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг ижро интизоми, таълим жараёнини ташкил этиш ва илмий-тадқиқот ишларини бажариш ҳолати танқидий таҳлил қилинди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан университет раҳбарияти ҳисоботи эшитилди. Топширилган вазифалар ўз вақтида бажарилмагани сабабли Кузатув кенгашига унверситетнинг тўрт нафар проректорига нисбатан ҳайфсан жазоси бериш таклифи киритилди. Шунингдек, 2025 йилда университетни комплекс ривожлантириш мақсадида “Йўл харитаси” ва “Мақсадли кўрсаткичлар” ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Таълим сифатини ошириш доирасида 148 та ўқув дастурини ТОП-300 таликка кирган олийгоҳ дастурларига мослаштириш, 330 номдаги ўқув ва илмий адабиётларни харид қилиш, 90 номдаги ўқув адабиётларини яратиш ҳамда 25 та фан бўйича замонавий видео дарсларни яратиш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.тайёрлаш режалаштирилди.
Иккинчи масала – олийгоҳлар учун хорижий адабиётларни таржима қилиш жараёнлари муҳокама қилинди. 2024-2026 йиллар давомида 177 номдаги хорижий ўқув адабиётларини сотиб олиш ва таржима қилиш белгиланган бўлиб, масъулларга бу борадаги муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Шунингдек, 2024 йил апрель-май ойларида 120 дан ортиқ адабиётни тўлиқ нашрдан чиқариш ва олий таълим муассасаларига етказиш бўйича топшириқ берилди.
Кун тартибидаги учинчи масала ижро интизоми ҳамда вазирликка келиб тушган топшириқларни назорат қилиш билан боғлиқ бўлди. Бу масала кунлик назоратда экани таъкидланиб, ҳар бир раҳбарнинг ижро интизомига риоя этиши унинг шахсий масъулияти экани таъкидланди. Ҳар бир топшириқ ижроси департамент, бошқарма ёки бўлим бошлиқлари томонидан ўз вақтида ва сифатли таъминланиши кераклиги эслатиб ўтилди. Ижро интизомига сусткашлик қилган вазирликнинг қатор ходимларига интизомий чора қўлланилди.
#Таълим телеканали #Янгиликлар