Мақолалар 14/12/2024 Нурли маскан битирувчиларининг Олий таълимга қабул қилиниш тартиби

Ҳаёт бир текисликлардан иборат эмас. Инсонга бериладиган синовлар ва қийинчиликларга одамлар кўпинча фожиадек қарашади. Аслида ҳар бир нарсадан фожиа ясаш нотўғри, ҳаётни борича қабул қилиб унинг қийинчиликларига мардона турган инсонгина ғолиб ҳисобланади.Кўпчиликда имконияти чекланган ёшлар Олий таълимга ҳужжат топширишда қандай тартибда амалга оширилади деган савол бўлиши мумкин?

Бугун сизларга Олий таълим муассасаларига кўзи ожиз абитуриентларни ўқишга қабул қилиш тартиби ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.06.2017 йилдаги қарорига асосланиб маълумот берамиз. Кўзи ожизлар тоифасига қуйидаги абитуриентлар киради:

имконияти чекланган шахслар учун ихтисослашган касб-ҳунар коллежлари томонидан кўзи ожизлар учун берилган дипломга эга шахслар;

9 йиллик кўзи ожизлар махсус мактаб интернатида ўқиган ва 3 йиллик ўрта махсус, касб ҳунар таълим муассасаси дипломига эга бўлган шахслар;

умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ҳужжати ёки академик лицей (касб-ҳунар коллежи) дипломига эга бўлган кўзи бўйича 1-гуруҳ ногиронлиги тўғрисида белгиланган тартибда берилган шаклдаги маълумотномасига эга бўлган шахслар.

Абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш қабул комиссиялари томонидан ҳар йили 5 июндан 25 июнгача (шу куни ҳам) бўлган муддатда амалга оширилади. Кўзи ожиз абитуриентлар бошқа абитуриентлар қатори, олий таълимнинг бакалавриат босқичига ҳужжатларни ягона портал my.gov.uz ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш  агентлигининг my.uzbmb.uz сайти орқали  топширадилар. Ҳар иккита хизматдан фойдаланиб ҳужжатларни топшириш, ногиронлиги бўлган шахслар хусусан кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун бепул ҳисобланади. Ҳужжатларни топшириш жараёнида кўзи ожиз абитуриентлар ногиронликни тасдиқловчи ҳужжатнинг серияси ва рақамини сайтга киритиши керак бўлади. Олий таълим муассасалари қабул комиссиялари кўзи ожиз абитуриентлар учун кириш имтиҳонлари фанлари бўйича махсус тузилган жадвалга биноан маслаҳатлар ташкил этадилар. Кўзи ожиз абитуриентлар билан тушунтириш ишларини олиб бориш учун олий таълим муассасаси қабул комиссияси томонидан махсус масъул ходим ажратилади.

Ҳар йили Олий таълим фан ва инновациялар вазирлигининг расмий веб сайти edu.uz да олий таълим муассасасига йўналишлар бўйича кириш имтиҳонларини қайси фанлардан топширишлари бўйича фанлар мажмуаси эълон қилинади. Фанлар мажмуаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида тузиладиган давлат комиссияси томонидан тасдиқланади. Қонун ҳужжатларига ва фанлар мажмуасига асосан Олий таълим муассасалари томонидан, кўзи ожиз абитуриентларни кириш имтиҳонларига қабул қилиш дастури тузилади ва олий таълим муассасаси услубий кенгаши томонидан тасдиқланади. Дастурда кўзи ожиз абитуриентлар учун кириш имтиҳонида фанлар мажмуи асосида белгиланган фанлар, кўзи ожиз абитуриентлар билимига қўйиладиган талаблар белгиланади. Шунингдек дастурда кириш имтиҳонларини ташкил этадиган комиссия ва унинг таркиби, кириш имтиҳонлари натижаларидан норози бўлган абитуриентлар учун, апелляцияга топшириш тартиби белгиланади.Олий таълим муассасасига ҳужжат топширган кўзи ожиз абитуриентлар ҳақидаги маълумотлар олий таълим муассасасига келиб тушгач, университетлар абитуриент тўғрисидаги маълумотларни ўрганади ва у кўзи ожиз абитуриентлар тоифасига кирса, университетлар ушбу абитуриент билан телефон орқали боғланади ва кириш имтиҳонлари бўлиб ўтадиган вақт ҳақида маълумот беради.

Агар боғланиш имконияти бўлмаса абитуриентга смс орқали хабар юборилади. Олий таълим муассасаларида ўқишга қабулни сифатли ташкил этиш мақсадида олий таълим муассасаларида қабул комиссиялари 26 июлга қадар ташкил этилади. Кўзи ожиз абитуриентлар кириш имтиҳонларида иштирок этишлари учун ўзлари билан фуқаролик паспорти ёки тамомлаган ўқув юрти ( касб-ҳунар мактаби, умумий ўрта таълим мактаби) диплом асл нусхаларини олиб келишлари керак.Билетлардаги саволлар кўзи ожиз абитуриентларга ўқиб берилади ва  билетлардаги саволларга тайёрланишга вақт берилади. Абитуриент саволларни Брайл ёзувида ёзиб олиши мумкин. Саволларга жавоб бериш оғзаки тарзда ўтказилади. Абитуриент саволларга жавобларни Брайл ёзувида ёзиб олиши ва ўқиб бериши мумкин. Ҳар бир абитуриентнинг саволларга жавоб бериш жараёнлари видео камерага ёзиб олинади. Бундан мақсад жавобларни таҳлил қилиш ва баҳолаш шунингдек апелляцияга топширган абитуриентларнинг жавобларини таҳлил қилишдир. Кириш имтиҳонлари якунлангач абитуриентларга қўйилган баллар асосида қабул комиссияси кўзи ожиз абитуриентларни олий таълимда ўқишини тавсия қилади ёки тавсия қилмайди

Мазкур тоифага кирадиган абитуриентлар ва кириш имтиҳонлари натижалари ҳақидаги маълумотлар 27 июлга қадар Давлат комиссиясига ва Давлат тест марказига топширилади. Кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган (кўп балли тизимда баҳоланганда—максимал баллнинг 55 фоизидан юқори балл олган, беш балли баҳолаш тизимида баҳоланганда — “3”, “4” ёки “5” баҳо олган) абитуриентлар Давлат комиссияси қарори асосида танловсиз, алоҳида ажратилган ўринларга давлат грантлари асосида қабул қилинадилар.

Кўзи ожиз абитуриентлар олий таълим муассасасига ҳужжат топширганларида бир қанча қулайликлар билан муаммолар ҳам мавжуд. Ушбу тоифага кирувчи абитуриентларнинг ҳужжатлари олий таълим муассасасига келиб тушганда таълим муассасасига уларнинг ҳақиқатдан ҳам кўзи ожизлар тоифасига кирувчи эканликлари ҳақида маълумотлар тақдим этилмаяпти. Фақатгина, уларнинг ногиронлиги мавжудлиги тўғрисида маълумотлар тақдим этилмоқда. Натижада, олий таълим муассасаси барча ногиронлиги бўлган шахслар билан боғланиб, улар ҳақидаги маълумотларни қайта шакллантиришга мажбур бўлмоқда. Бунинг асосий сабаби – тиббий ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан ягона базага киритилган маълумотларда фақат ногиронлик гуруҳи акс эттирилган ногиронлик тоифаси эса акс эттирилмаганлиги ҳисобланади. Аксарият кўзи ожиз абитуриентларда онлайн ҳужжат топширишда техник қийинчиликлар мавжуд.  

Улар ҳужжатларини топшириш жараёнида яқинларидан ёрдам сўрайди ёки ҳужжат топшириб берувчи пуллик хизмат кўрсатиш жойларидан фойдаланадилар. Натижада нотўғри ёки ногиронлик ҳужжатини киритмаган ҳолда ҳужжатларни топшириш ҳоллари юзага келмоқда. Кўзи ожиз абитуриентлар онлайн ҳужжат топшириш жараёнида ногиронлик гувоҳномасидаги маълумотларни киритганда ушбу маълумотлар ягона тизимда йўқлиги маълум бўлмоқда ва кўзи ожиз абитуриентлар тиббий ижтимоий комиссияларга мурожаат қилмоқда ва улар маълумотларни қайта киритгунларига қадар кўзи ожиз абитуриентларнинг вақтларини йўқотишига  сабаб бўлмоқда.

 

Тўпловчи Маъмура Тўраева

 

 

 

 

#Таълим телеканали   #Абитуриент  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг