Мақолалар 02/06/2025 Контрактни тўлиқ тўламаган талабаларни якуний имтиҳонларга киритмаслик — ғайриқонуний ҳаракатми?

Олий таълим муассасаларида (ОТМ) таҳсил олаётган талабаларнинг контракт тўловларига оид тартиб ва талаблар кўпчилик учун долзарб масалалардан биридир. Афсуски, айрим ҳолларда талабанинг контракт тўловини тўлиқ ёки қисман бажармагани боис уни оралиқ назорат ёки якуний имтиҳонларга киритмаслик ҳолатлари учраб туради. Бу эса қонуний жиҳатдан мутлақо нотўғри ҳисобланади.

Контрактни тўламаган талаба имтиҳондан четлаштирилиши мумкинми?

Йўқ, бунга олий таълим муассасаси раҳбарияти ёки ўқитувчиларнинг ҳеч қандай қонуний ҳаққи йўқ. Талабанинг оралиқ ёки якуний назоратга киритилмаслиги фақат контрактнинг тўланмаганлиги билан асосланиши мумкин эмас.

Ягона қонуний чораси — агар талаба умуман шартнома шартларини бажармаса ва контракт пули тўланмаса, ОТМ уни талабалар сафидан четлаштириш ҳуқуқига эга. Бироқ имтиҳонга киритмаслик, дарсга қўймаслик, атайлаб фандан йиқитиш каби ҳаракатлар — бу ғайриқонуний ва педагогик этиканинг бузилиши саналади.

Бу борада бир қанча расмий манбаларда ҳам қуйидаги тавсиялар таъкидланган:

"Талабани оралиққа ёки якунийга киритмаслик, атайлаб фандан йиқитиш, дарсга киритмай нб қўйиб қўйиш, ва бошқа ғайриқонуний ҳаракатлар амалга ошириш умуман мумкин эмас."

📅 Контракт тўлов муддатлари қандай?

Олий таълим муассасалари томонидан контракт тўловлари учун қуйидаги муддатлар белгиланган:

Талабаликка тавсия этилган абитуриентлар:

Камида 25% — 15 сентябргача (ёки Давлат қабул комиссияси белгилаган муддатгача).

Иккинчи ва ундан кейинги курс талабалари:

1 октябргача — ОТМ раҳбарияти томонидан белгиланадиган муддат асосида;

Барча курс талабалари учун умумий тўлов тартиби:

Камида 50% — 1 январгача;

75% — 1 мартгача;

100% — 1 майгача (ёки ОТМ раҳбарияти узайтирган муддатгача).

Хорижий фуқаролар учун: ОТМ раҳбарияти белгилаган алоҳида муддатларда амал қилади.

Нодавлат олийгоҳлар: Бунда шартнома талаба ва олийгоҳ ўртасида тузилган келишув асосида белгиланади.

✅ Хулоса:

Ҳеч бир талаба контрактни тўлиқ тўламаганлиги сабабли имтиҳондан четлатилиши мумкин эмас. Имтиҳонлар — талабанинг билимини баҳолаш воситаси бўлиб, унга бўлган ҳуқуқини фақат қонун асосида чеклаш мумкин. Агар сиз ёки танишингиз бундай ҳолатга дуч келган бўлса, бу бўйича ОТМ раҳбариятига, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ёки тегишли расмий платформаларга мурожаат қилиш тавсия этилади.

#Мақола  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг