Мақолалар 02/07/2025 “Мактаб – техникум (лицей) – университет” тамойили асосида кадрлар тайёрланади

“Мактаб – техникум (лицей) – университет” тамойили асосида кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилади, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Қайд этилишича, 2025–2026-ўқув йилидан тегишли таълим дастурлари бўйича амалий машғулот ва лаборатория ишларининг камида 25 фоизи хорижий профессор, халқаро сертификатга эга профессионал мутахассислар томонидан ўтказилади.

2025 йил 1 сентябрдан тажриба-синов тариқасида “мактаб – техникум (лицей) – университет” тамойили асосида кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилади. Бунда Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 250- ва 273-сонли умумтаълим мактаблари университетга бириктирилади ва университет:

– ҳар ойда 1 маротаба 7–9-синф ўқувчиларини уларнинг қизиқишлари доирасида белгиланган соҳаларга оид мавзуларни университет лабораторияларида дарсдан ташқари машғулот сифатида ўқитади;

– ўқувчиларнинг университет лабораторияларига хавфсиз бориб келишини таъминлайди.

Бундан ташқари, “Университет – лаборатория – корхона – вазирлик” экотизими жорий этилади.

Қарорга кўра, йил 1 сентябрдан “Университет – лаборатория – корхона – вазирлик” экотизими жорий этилади. Экотизим доирасида ҳар йили:

– ҳамкорлик қилаётган қурилиш саноати корхоналаридан илмий тадқиқотлар ўтказиш бўйича буюртмалар қабул қилинади;

– талабалар, магистрантлар, илмий изланувчилар ўртасида “Энг яхши 20 та ғоя” танлови эълон қилиниб, саралаб олинади;

– ғолиб лойиҳалар бўйича лабораторияларда тадқиқотлар ўтказилиши таъминланади.

– Шунингдек,Савдо-саноат палатаси амалиётга жорий этилган илмий тадқиқотлар муаллифларини БҲМнинг 35 баравари миқдорида молиявий рағбатлантиради.

2025 йил 1 сентябрдан давлат олий таълим ташкилотларининг архитектура ва қурилиш йўналишидаги барча лабораториялари фаолияти университет томонидан “UniLab” платформаси орқали мувофиқлаштириб борилади.

#Мақола  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг