Мақолалар 01/02/2025 Миллий сертификат: абитуриентлар учун имкониятлар эшиги

    Авваллари абитуриентлар учун муҳим сана 1 август эди. Шу бир куннинг ўзида кириш имтиҳонларига ойлаб-йиллаб тайёрланган абитуриентлар билим даражаси аниқланарди. Айни дамда бу ваҳимали сана аллақачон унутила бошланган. Ҳозир абитуриентлар то кириш имтиҳонлари бошлангунга қадар асосий фанларидан бемалол максимал балл тўплаб қўйиб, имтиҳонга хотиржамгина киришлари мумкин.Бунинг учун улар умумтаълим фанларидан миллий сертификат имтиҳонини топширишлари керак.

Миллий сертификат нима?

  Сертификат – умумтаълим фанлари бўйича, талабгорнинг билимини аниқлаб бериш учун мўлжалланган синов. Имтиҳонни Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (собиқ ДТМ) ўтказади. Тест синови натижаси бўйича энг юқори баллнинг камида 60 фоизини тўплаган шахсларга 3 йил муддатга амал қилувчи сертификат тақдим этилади.

Мазкур сертификатга эга абитуриентларга олий таълим муассасаларининг бакалавриатига киришда қуйидагича баллар берилади:

  • Энг юқори баллнинг 60 фоиздан 85 фоизигача тўплаганларга сертификатдаги ўзлаштириш фоизига мос равишда ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл;
  • Энг юқори баллнинг 86 фоизи ва ундан юқори балл тўплаганларга ушбу фандан белгиланган максимал балл;
  • Тегишли мажбурий фанлар бўйича белгиланган энг юқори балл.

   Мажбурий фан учун белгиланган максимал баллни олиш учун талабгорнинг сертификат балли 60 фоиздан юқори бўлса етарли.  Масалан, тиббиёт йўналишига ҳужжат топширмоқчи бўлган абитуриент кимё ва биологиядан сертификат олиб қўйган бўлса, кириш имтиҳонида асосий блокдаги тестларни ишлаб ўтирмасдан фақат мажбурий фанлардаги тест топшириқларининг ўзинигина бажариши мумкин. Ёки иқтисод йўналишига ҳужжат топшираётган абитуриент имтиҳондан олдин математикадан сертификат олган бўлса ва унинг фоизи 86 дан юқори бўлса, ҳам асосий блокдаги, ҳам мажбурий фанлар блокидаги математикага оид тест саволларидан озод бўлади.

   Лекин агар борди-ю абитуриентнинг сертификат балли 86 фоиздан паст бўлса, у ОТМга ҳужжат топшираётганда мажбурий фанлар блокидаги математика фанидан максимал баллни қўлга киритиб, асосий блокдаги математика фанидан саволларни ишлаш вариантини танлаши мумкин. 

Саволлар қандай тузилади?

   Миллий сертификат учун имтиҳон саволлари давлат таълим стандартларига мос, ўқув дастурларига мувофиқ тузилиши керак. Намунавий саволлар билан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (собиқ ДТМ) сайтида танишиш мумкин.

  Сертификат имтиҳонида тушадиган саволлар кириш имтиҳонларидаги саволлардан фарқ қилади. Масалан, она тили ва адабиёт фанидан ўтказиладиган имтиҳонда абитуриентлар эссе ёзишлари ҳам керак бўлади. Шунингдек, уларнинг мантиқий фикрлаш қобилиятини текширадиган саволлар кўпроқ.

Имтиҳонга қанча вақт берилади?

   Миллий сертификат имтиҳонида 35 та ёпиқ ва 10 та очиқ турдаги (ҳар бири А ва  Б қисмларга ажратилган) тест топшириғи учун 150 дақиқа (2 соат-у 30 дақиқа) вақт берилади. Очиқ турдаги тест топшириқлари 2 қисмга ажратилгани учун жами тест топшириқлари сонини 55 та деб қарайдиган бўлсак, ҳар бир тест топшириғига тахминан 2 дақиқа-ю 44 сония тўғри келади. Фақат она тили ва адабиёт фанидан эссе ёзиш талаб қилингани учун топшириқларни бажариш учун 3 соат вақт ажратилади.

Тўлови борми?

   Сертификат учун 1,5 баравар БҲМ миқдорида – ҳозирги кунда 450 минг сўм тўлов ундирилади. Лекин тўлов қилиб, имтиҳонда қатнашиб, керакли балл (60 фоиздан юқори) тўплай олмасдан сертификат ола олмаслик ҳам мумкин. Баъзи имтиҳонлардан, масалан, IELTS имтиҳонидан фарқли тарафи шунда. IELTS имтиҳонида тўплаган баллингизга қараб паст кўрсаткичли бўлса ҳам, сертификат олиш мумкин.

   Жавоблар 20 иш кунидан кечиктирмасдан эълон қилинади ва имтиҳонда қатнашган шахс сертификатини Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги сайтидаги шахсий кабинети орқали электрон шаклда юклаб олиши мумкин. 

Талабгорларга эслатма!

1. Тест ўтказиладиган кун талабгор шахсини тасдиқловчи ҳужжатининг асли (фуқаролик паспорти) билан рухсатномада кўрсатилган вақтдан кечикмасдан келиши шарт.

2. Шахси тасдиқланмаган ва кечикиб келган талабгор тест синовига қўйилмайди.

3. Тест синовлари бўлиб ўтадиган бинога ва аудиторияга ҳар қандай қўлланма, адабиётлар,телекоммуникация ва техника воситаларини олиб кириш қатъиян ман этилади. Тест синовини ўтказиш жараёнига турли хатти-ҳаракатлар билан салбий таъсир қилиш: бошқа талабгорлар билан мулоқот қилиш, саволлар китоби варақларини йиртиш, саволлар китобини бошқа талабгорларга бериш,тест синовига ажратилган вақт тугагандан сўнг ёзишда давом эттириш, бошқа талабгорга бирорта буюм узатиш тақиқланади. Ушбу талабларга риоя қилмаган талабгор синовдан далолатнома билан четлатилади.

4. Аудиторияга устки кийимлар, сумка, папка ва бошқаларни олиб кириш тақиқланади.

5. Аудитория масъул кузатувчиси тест бошланганини маълум қилмасдан олдин саволлар китобини очиш тақиқланади.

6. Масъул кузатувчига тест синови пайтида савол бериш тақиқланади (тест синовлари ўтказилиши бўйича барча саволлар масъул кузатувчига имтиҳон бошланишидан олдин берилади).

7. Масъул кузатувчи рухсатисиз аудиторияни тарк этиш тақиқланади.

8. Тест материалларини аудиториядан олиб чиқиш ман этилади.

9. Сизга нотўғри, талабга мос бўлмаган тест материаллари берилган деб ҳисобласангиз ёки тест топшириқлари нуқсонли бўлса аудитория масъул кузатувчисига тест бошланишидан олдин зудлик билан хабар беринг.

10. Тест синовини топшириш вақтида гуруҳдан зарурат билан чиққан талабгорга қўшимча вақт белгиланмайди.

11. Жавоблар (тест ва ёзма иш) варақаси рақамларини солиштиринг, улар бир хил бўлиши керак. Рақамлар бир-биридан фарқ қилса, аудитория масъул кузатувчисига мурожаат қилинг.

12. Тест синовлари пайтида соғлигингиз ёмонлашса, зудлик билан аудитория масъул кузатувчисини огоҳлантиринг.

13. Талабгор тест синовига кечиккан ёки сабабсиз келмаган ҳолларда, тўловнинг 50 фоиз миқдорида қайтарилади.

14. Тест синови ўтказилиши жараёнида талабгорга бир вақтда фақат битта умумтаълим фанидан тест топширишга рухсат этилади.

Тест синовлари натижалари

1. Сертификат тест синови натижаси бўйича энг юқори баллнинг камида 60 фоизини тўплаган шахсларга 3 йил муддатга берилади.

2. Тест синови натижалари улар якунланган кундан бошлаб йигирма иш кунидан кечикмай Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

3. Сертификатга эга бўлган абитуриентга сертификатдаги ўзлаштириш (60 ва ундан юқори) фоизига мос равишда олий таълим муассасаси бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал)балл берилади. Яъни сертификат қайси фандан олинган бўлса, шу фаннинг фанлар мажмуасидаги ўрнига қараб мос равишда максимал баллнинг маълум фоизи берилади.Масалан, математика фанидан сертификатга эга бўлган абитуриентнинг сертификатдаги ўзлаштириши 60 фоиз, математика фанининг фанлар мажмуасидаги ўрни биринчи (ҳар бир тўғри жавоб учун 3,2 балл, 30 та тест топшириғига максимал 96 балл) бўлса, унинг 60 фоизи 57,6 баллни ташкил этади(3,2*30=96 балл, 96*60/100=57,6). Агар абитуриентнинг сертификатдаги ўзлаштириши 80 фоиз бўлса, 76,8 баллни ташкил этади (3,2*30=96 балл, 96*80/100=76,8).

4. Сертификат тест синовидан ижобий (60 ва ундан юқори фоиз) натижага эришган талабгорга тест синови натижалари эълон қилинган кундан бошлаб бир ҳафта мобайнида электрон шаклда берилади. Талабгор сертификатни шахсий кабинети орқали юклаб олиши мумкин.

Қайси фанлардан миллий сертификат олиш мумкин?

   Абитуриентлар учун имтиҳонда тайёр балл, ўқитувчилар учун устама олиш каби имкониятларни тақдим этувчи миллий сертификат мавзусига яна тўхталдик. Бу мақолада миллий сертификат ҳақида батафсил маълумот берамиз. Абитуриентлар қуйидаги фанлар бўйича сертификат учун имтиҳон топшириб, олдиндан баллни нақд қилиб қўйиши мумкин:

  • 1. Математика;
  • 2. Биология;
  • 3. Кимё;
  • 4. Физика;
  • 5. Она тили ва адабиёт;
  • 6. Тарих;
  • 7. География;
  • 8. Рус тили ва адабиёти;
  • 9. Қорақалпоқ тили ва адабиёти;
  • 10. Инглиз тили;
  • 11. Ҳуқуқшунослик.

   Олий таълим фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов қатнашган матбуот анжуманида ўтган йили  Олий таълим ва ундан кейинги (магистратура ва докторантура) учун миллий сертификат даражалари янгиланганлиги ҳақида  бутун жамоатчиликка маълум қилинди. Унга кўра:

  • таълим дастурини хорижий тилда якунлаган талабалар учун сертификат талаби бекор қилинади
  • соҳа хусусиятидан келиб чиқиб маданият, санъат, спорт, таълим, соғлиқни сақлаш, ишлаб чиқариш, муҳандислик иши, қишлоқ хўжалиги, ветеринария, архитектура ва қурилиш, физика ва табиий фанлар, транспорт хизматлари йўналишлари бўйича сертификат талаби бир поғона – Б1 даражасига туширилади;
  • хорижий тиллар йўналишларида – C1;
  • аниқ фанлар, биология, математика, ҳуқуқ, журналистика, ахборот-коммуникация технологиялари ва иқтисодиёт йўналишларида – B2 даражаси сақланади.

  Миллий сертификат имтиҳонлари ҳар йили икки босқичда биринчи ярим йиллик (сентябрь, октябрь, ноябрь, декабрь) ва иккинчи ярим йиллик (январь, февраль, март, апрель, май) ойларида Билимни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказилади. Талабгорлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали my.gov.uz сайти орқали кириб рўйхатдан ўтади ва имтиҳон тўловини амалга оширади.

   Сертификат олиб аллақачон қайсидир фандан баллни нақд қилиб қўйган абитуриентлар ушбу мақолани ўқиётган бўлса, бизга таассуротларингиз ҳақида ёзиб юборинг.

Маъмура Тўраева тайёрлади 

 

#Мақола  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг