Мақолалар 04/02/2025 Моддий дунё ва маънавий ҳақиқат: Навоий асарларини англаш зарурати

  “Шундай одамчалар тўдалари пайдо бўлаяптики, моддий фойдадан бошқа нарса уларнинг кўзига кўринмайди. Улар учун бундан бошқа ўлчов бирлиги йўқ! Мен баъзида ўйлаб қоламан: яна 15-20 йилдан сўнг уларга Беруний, Улуғбек, Навоий ҳақида гапирсанг, “Ўтмишда ўтган бўлишса ўтишгандир, менга нима фойдаси бор” дейишлари аниқ. Мен ўн-ўн беш йилдан сўнг деб андавалаб гапираётгандирман. Ҳолбуки бу кўргулик бошланиб бўлган.  Фахр туйғусининг ўлиши ёмон нарса, одамнинг илдизларини қуритади”.

 Эшқобил Шукурнинг яқинда чиққан мақоласидаги юқоридаги сўзлар кун саин сизу-бизнинг ҳақиқатимизга айланиб бормоқда. Бугун жамиятдаги одамларимизни моддий бойликлар изидан қувиш билан бирга маънавий бойлигини йўқотиб бормоқда. Фақат миллат учун куйиб ёнувчи, уларнинг хотирасини абадийлаштириш, етук асарларини замон силсиласидан омон ўтказишга ҳаракат қилаётган маърифатпарвар инсонларимиз ҳам атрофимизда учраб туриши бизнинг қалбимиздаги сўниб бораётган оловнинг ўчмаслиги учун доимо туртки бўлиб, оловлатиб туради.

  Шундай инсонлардан бири ҳали ёш бўлишига қарамай Навоий ижодини англашга уриниб, кичик бошига катта ишлар қилаётган олим Акром Малик ҳисобланади. Бугун, 4 февраль куни “Ҳайрат ул-аброр” достонига Акром Малик ёзган шарҳ китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

  Тадбир “Эй дўст! Кел, дунё қайғуларидан, тириклик ва ўлим ғамидан бир нафас ўзингни озод қил!” номли гўзал жумлалар билан бошланди.

   Тақдимотни профессор, филология фанлари доктори Нурбой Жабборов очиб берди ва Навоий ижодини “Дурри ятим” га қиёслаб, қуйидаги мисраларда  Навоий ижодининг чуқур маъноларини ифодалаб берди.

  • Қатраға чун тарбият этди садаф,
  • Эл бошиға чиққуча топди шараф.

  Ундан кейин сўзга чиққан “Ҳайрат ул-аброр” достонига шарҳ китоби муаллифи Акром Малик бу китоб ва Навоий ижоди ҳақида мухтасар маълумот бериб ўтди.

   Режиссёр Фароҳиддин Масъуд томонидан “Ҳайрат ул-аброр”нинг 10-мақолати асосида саҳналаштирилган “Талаб эгалари” номли  спектакль Навоий ижодининг қай даражада юксак эканлигини яна бир бор кўрсатиб берди.

  Нафсни тарбиялаш ва қалбни поклашда Ҳазрати Алишер Навоийнинг қарашлари ҳақида  Профессор Абдумурод Тилавов маъруза қилди.

   Китобни ўқиб тугатганига энди 3 кун бўлган, Навоий ижодига бефарқ бўлмаган ўзбек адабиётшунослигининг забардаст вакили, филология фанлари доктори, профессор Сувон Мели “Ҳайрат ул-аброр” шарҳининг хусусиятлари ва ўзига хос жиҳатлари ҳақида гапиради.

  “Ҳайрат ул-аброр” каби асарларга бугун қанчалик эҳтиёж бор. Чет элга фақат тақлид қилмасдан, аслида ўзимизнинг тарихимизни, адабиётимизни чуқур ўрганишимиз кераклигини айтиб, тарихини билмаган миллат аста-секин йўқолиб бориши ҳақида Аброр Мухтор Али куйиниб гапирди. Шунингдек, Навоий ижодини қораламоқчи бўлган даврлар ва шахслар қояни йиқитмоқчи бўлган эчкига қиёсланди.

   Алишер Навоий ижодида Қуръоннинг таъсири ҳақида гапирган Ҳасанхон Яҳё АбдулМажид: “Навоийга шеър айтиш писта чақиш билан тенг” дея Навоий ижодини таърифлади.

  Тақдимот якунида Навоий хотираси учун Қуръон тиловат қилинди ва  “Ҳайрат ул-аброр” шарҳи китоби муаллифи барча қизиқувчиларга китобларидан улашди.

Маъмура Тўраева тайёрлади

#Мақола  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг