Мақолалар 23/06/2025 Нодавлат олийгоҳ ўз талабасини "перевод" қилишига қаршилик қилиши мумкинми?

Талабалар орасида кўп учрайдиган саволлардан бири — нодавлат олий таълим муассасасида таҳсил олаётган талаба бошқа (айниқса давлат) университетга ўқишини кўчирмоқчи бўлса, бунга тўсқинлик қилиш мумкинми? Шу билан бирга, баъзи нодавлат университетлар талабаларга “агар кўчириш имтиҳонидан ўта олмасанг, сени қайта қабул қилмаймиз” деган огоҳлантиришларни берган ҳолатлари мавжуд. Бу ҳолат қонуний борми? Келинг, ҳуқуқий асосда таҳлил қиламиз.

Ўқишни кўчириш тартиби қандай тартибга солинади?

Талабалар ўқишини бошқа олий таълим муассасасига кўчириш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Талабаларни ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги Низом” асосида амалга оширилади.

Низомнинг 30-бандига кўра, талабанинг бошқа ОТМга ўқишини кўчириш асосида ўқишдан четлаштирилиши талабанинг ёзма розилиги билан амалга оширилади.

Бу дегани, агар сиз бошқа университетга ўтиш тестидан ўта олмасангиз, аввалги университетдаги ўқишингиз ёзма ариза орқали тўхтатилмаган бўлса, сиз ҳали ҳам ўша университет талабасиз.

Нодавлат университет сизни “орқага қайтармаймиз” дейиши қонунийми?

Йўқ, бу қонуний эмас. Талаба бошқа ОТМга ўқишини кўчиришни истагани учун ёки тест синовидан ўта олмагани учун нодавлат университет уни автоматик равишда талабалар сафидан чиқариши мавжуд қонунчиликка зид.

📌 Фақат талабанинг ёзма розилиги (яъни ариза) асосида ўқишдан четлаштириш мумкин. Акс ҳолда, талаба ўқишни давом эттириш ҳуқуқига эга.

Талаба хавфсизлигини қандай таъминлаши керак?

Ўқишни кўчириш тестига киришдан олдин ёзма тарзда ариза ёзманг.

Аввал янги ОТМнинг тест синовидан муваффақиятли ўтинг, кейин ариза ёзиб, эски ОТМдан расмий чиқасиз.

Агар босим ўтказилаётган бўлса, Олий таълим вазирлигига ёки Адлия вазирлигининг “ҳуқуқий портал”ларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Хулоса

Нодавлат университет сизни бошқа университетга перевод қилмоқчи бўлганингиз учун талабаликдан чиқариш ҳуқуқига эга эмас — агар сиз ёзма розилик бермасангиз. Талабаларнинг ўқишни кўчириш жараёнида ўз ҳуқуқларини билиши ва ҳимоя қилиши муҳим. Тестдан ўтолмадингизми? Хавотир олманг — ёзма розилик бўлмагунча сиз аввалги университет талабасисиз.

#Мақола  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг