Мақолалар 07/02/2025 Оғир сумкалар: ўқувчилар саломатлигига хавфлими?

   Ўқитувчи болага таълим бериш жараёнида ҳар бир фан оддийликдан мураккаблик сари изчил давом этган асосларга таянади. Бу асослар эса ўқув адабиётлари — дарсликларда акс эттирилади.

   Аммо сўнгги вақтларда ўқув дарсликларининг ҳажми катталашиб, оғирлашиб бораётгандек. Зил-замбил сумкалар кичик жуссаларни эзиб қўяётгандек гўё. Хўш, ўзи ўқув дарсликларининг оғирлиги қандай бўлиши керак? Ўқувчиларнинг ёшига қараб сумка танлашда ота-оналар нималарга эътибор беришлари керак? Бу ҳақда Санепидқўмита Ахборот хизмати маълумот берди.

Қонунчиликда белгиланган тартиб

 Умумтаълим мактабларининг ўқувчилари фойдаланадиган ўқув дарсликлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Таълим муассасалари учун матбаа маҳсулотлари хавфсизлиги талабларини белгилашнинг умумий техник регламентини тасдиқлаш тўғрисида” 2022 йил 28 декабрдаги 726-сонли қарори билан тасдиқланган умумий техник регламентга ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йилда тасдиқланган 0359-18-сонли санитария қоида ва меъёрлари талаблари асосида тайёрланади.

Ўқув дарсликларининг оғирлиги қанча бўлиши керак?

   Юқоридаги ҳужжатларга мувофиқ ўқув дарсликларининг оғирлиги қуйидагича белгиланган:

  • 1—4-синфлар учун битта нашрнинг оғирлиги 300 грамм (+/-10 фоиз) дан;
  • 5—6-синфлар учун битта нашрнинг оғирлиги 400 грамм (+/-10 фоиз) дан;
  • 7—9-синфлар учун битта нашрнинг оғирлиги 500 грамм (+/-10 фоиз) дан;
  • 10—11-синфлар учун битта нашрнинг оғирлиги 600 грамм (+/-10 фоиз) дан.

   Агар бир кунда ўқувчиларнинг дарси 4-5 соатни ташкил этадиган бўлса, фақат нашрнинг вазни 1,5—2,5—3 ва ундан кўпроқ килограммга айланади.

   Бундан ташқари, сумкага дафтар, кундалик, қалам, ручка ва керакли ўқув қуролларининг солиниши сумка оғирлигини янада ошишига олиб кетади.

  Шунингдек, бир ўқув куни учун мўлжалланган дарсликларнинг ёзув анжомлари билан биргаликда жами оғирлиги ўқувчи сумкаси ёки рюкзагини ҳисобга олмаганда 1—2 километр масофагача қуйидаги ўрнатилган меъёрлардан ортиқ бўлиши керак эмас.

Оғир мактаб сумкаси болалар саломатлигига қандай таъсир кўрсатади?

   Агар бола соғлом ривожланаётган бўлса, белгиланган меъёрдагидан бирмунча ортиқ юк кўтарса ҳам унинг саломатлигига зиён етмайди. Аммо, ортиқча юк кўтариб юриш доимий бўлмаслиги шарт.

   Доимий тарзда оғир ўқув сумкасини кўтариб юриш ҳолсизланиш, чарчоқ ҳамда ўқувчида юракнинг нормал ишлашига ҳам таъсир кўрсатиб ортиқча босимни пайдо қилади. Оғир мактаб сумкаси боланинг тана шаклига салбий таъсир қилади.

   Бола оғир сумка кўтаргани сабабли, бош, бўйин ва елка қисмини олдинга эгиб олади. Бундай давомли ҳолат умуртқа поғонасининг қийшайишига (сколиоз), ҳатто букриликка ҳам олиб келиши мумкин.

Мактаб сумкаси сотиб олаётганда эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳат

    Фарзандингизга мактаб сумкаси сотиб олаётганда оғирлиги 700 граммдан 1 200 граммгача бўлган, ўзидан ёқимсиз ҳид таратадиган синтетик материал билан ишланмаган сумкаларни танлашга эътибор қаратиш лозим. Ичига ўқув қуроллари солинган мактаб сумкаси ўқувчи вазнининг 10—15 фоиздан ошмаслиги тавсия этилади. Мисол учун, агар ўқувчининг вазни 40 кг. бўлса, унинг мактаб сумкаси 4—6 кг.дан ошмаслиги керак.

Синфлар мисолида:

  • 1—2-синф 3 кг. дан оғир бўлмаслиги;
  • 3—4-синф 3,5 кг. дан оғир бўлмаслиги;
  • 5—6-синф 5кг. дан оғир бўлмаслиги;
  • 7—8-синф 6,5 кг. дан оғир бўлмаслиги;
  • 9—11-синфда 8 кг. дан оғир бўлмаслиги керак.

Маъмура Тўраева тайёрлади

#Мақола  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг