Мақолалар 31/01/2025 Олий таълим муассасасини ўзгартириш: кўчириш тартиби ва шартлари

     Маълум бир сабабларга кўра талабалар ўқишларини кўчиришларига тўғри келади. Аммо ҳар қандай вазиятда ҳам бунга рухсат берилмайди. Унинг ҳам ўзига яраша тартиб-қоидалари бор.

Ҳар бир таълим йўналишидан бошқасига ўқишни кўришишда билишингиз керак бўлган муҳим маълумотлар:

1.Кундузги таълимдан қуйидагиларга кўчириш рухсат этилади:

  • кундузги;
  • сиртқи;
  • кечки (сменали).

Кундузги таълимдан махсус сиртқига кўчириб бўлмайди.

2. Сиртқи таълимдан рухсат этилади:

  • кундузги;
  • сиртқи (фақат бир таълим соҳаси доирасида);
  • кечки (сменали).

Сиртқи таълимдан махсус сиртқи таълимга кўчириб бўлмайди.

3. Кечки таълимдан рухсат этилади:

  • кечки таълим (фақат бир таълим соҳаси доирасида);
  • кундузги.

Кечки таълимдан сиртқи ҳамда махсус сиртқи таълимга кўчириб бўлмайди.

Эслатма: Шунингдек, мақсадли қабул қилинганлар бошқа таълим йўналиши ёки таълим шаклига, бошқа ОТМга кўчира олмайди.

Ўқишни кўчириш бўйича ҳам маълум муддатлар мавжуд:

Ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш қуйидаги 9 та босқичда амалга оширилади.

Кузги семестр бўйича:

1-босқич: 15 июнгача - Ҳудудларда Ишчи гуруҳ ташкил этилади.

2-босқич: 15 июлдан 5 августгача - Талабалардан аризалар қабул қилиш. Жорий йилда аризалар edu.uz сайти орқали онлайн қабул қилинади.

3-босқич: 5 августдан 30 августгача - Аризалар юзасидан қарор қабул қилинади ва фуқарога жавоб хати йўлланади.

4-босқич: 2 сентябрдан 10 сентябргача - Кўчириш (қайта тиклаш) масаласи ижобий ҳал этилган тақдирда, ОТМ ректорининг буйруғи билан талаба дарсларга қўйилади ҳамда ушбу талаба илгари таълим олган ОТМга унинг шахсий йиғма жилдини жўнатиш учун сўровнома юборилади.

5-боскич: 1 октябргача - Контрактдагилар тўловни ўз вақтида амалга оширганидан кейин талабалар сафига қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ чиқарилади.

Баҳорги семестр бўйича:

6-босқич: 15 январдан 25 январгача - Талабалардан аризалар қабул қилиш

7-босқич: 25 январдан 15 февралгача - Аризалар юзасидан қарор қабул қилинади ва фуқарога жавоб хати йўлланади.

8-босқич: 15 февралдан 25 февралгача - Узрли сабаблар билан баҳорги семестрда кўчириш масаласи ижобий ҳал этилган тақдирда, ОТМ ректорининг буйруғи билан талаба дарсларга қўйилади ҳамда ушбу талаба илгари таълим олган ОТМга унинг шахсий йиғма жилдини жўнатиш учун сўровнома юборилади.

9-босқич: 1 мартгача - Контрактдагилар тўловни ўз вақтида амалга оширганидан кейин талабалар сафига қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ чиқарилади.

Ўқишини кўчириш истагини билдирган фуқаро қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  • кўчириш (қайта тиклаш)ни истаган таълим йўналиши (мутахассислиги), ўқув тили ва шакли кўрсатилган ҳолдаги ариза (аризада ўқиган олий таълим муассасаси ва таълим йўналиши (мутахассислиги), таълим шакли, мақсадли қабул бўйича ўқишга кирмаганлиги, кўчириш (қайта тиклаш) сабаблари, кўчириш (қайта тиклаш) қоидалари билан танишганлиги кўрсатилади);
  • талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома нусхалари;
  • паспортнинг нусхаси.

Талабаларнинг ўқишини кўчириш ҳақидаги аризалари мос равишда:

  • Олий таълим муассасасининг қабул комиссиясига топширилади;
  • Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этиладиган Ҳудудий ишчи гуруҳларга топширилади.
  • Ҳудудий ишчи гуруҳлар қабул қилинган ҳужжатларни умумлаштириб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этади.
  • Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабалар ўқишини кўчириш ҳақидаги аризаларни белгиланган ваколатлар доирасида шакллантириб Давлат комиссиясига ва вазирликлар (идоралар)га қарор қабул қилиш учун йўллайди.

Талабалар ўқишини кўчириш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

  • ариза кўриб чиқилиб, олий таълим муассасаси ректорининг тегишли қарори қабул қилинади ва бу ҳақда ариза берган шахсга шахсан маълум қилинади;
  • аризалар тегишли вазирлик (идора) томонидан кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинади ва бу ҳақда ариза берган шахсга маълум қилинади;
  • аризалар Давлат комиссияси томонидан кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинади.

https://avatars.mds.yandex.net/i?id=7c1d86f24a50a933592ee6dfeaf7cbb152665903-10875045-images-thumbs&n=13

Ҳар доим ҳам аризалар қабул қилинавермайди.

Қуйидаги ҳолатлар юзасидан аризалар рад қилинади:

  • хорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлмаган олий таълим муассасаларида ёки уларнинг филиалларида ўқиганларга;
  • республика олий таълим муассасаларидаги мавжуд таълим шаклидан ўзга (бошқа) таълим шаклида ўқиганларга;
  • олий таълим муассасаларининг марказлари, бўлимлари, ўқув-маслаҳат пунктлари ва бошқаларда ўқиганларга;
  • биринчи курснинг биринчи семестрига биринчи семестр тугалланмаган ҳолатда ўқишни кўчиришга (талабага касаллик туфайли академик таътил берилган ҳолатлар, ўқиган таълим йўналиши мавжуд бўлмаганда кўчириб тиклаш ҳолатлари бундан мустасно);
  • олий таълим муассасасида мос (турдош) таълим йўналиши (мутахассислиги) ёки таълим шакли мавжуд бўлмаса;
  • намунавий ўқув режаларидаги умумкасбий ва ихтисослик (мутахассислик) фанлари бўйича фарқлар 4 тадан ошганда;
  • тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилганлар тўловни белгиланган муддатда амалга оширмаганда;
  • талабанинг шахсий йиғма жилди (академик маълумотнома) белгиланган муддатларда тақдим этилмаганда;
  • олий таълим муассасасига давлат гранти асосида кўчириш ва қайта тиклаш давлат гранти асосида таълим олувчилар сони (қабул квоталари) доирасида бўш ўринлар мавжуд бўлмаса;
  • олий таълим муассасаси моддий-техника базасининг имконияти чекланганда;
  • мақсадли қабул қилинганлар бошқа таълим йўналиши ёки таълим шаклига, бошқа олий таълим муассасасига;
  • кечки (сменали) таълимдан сиртқи (махсус сиртқи) таълимга ҳамда кечки (сменали) таълимнинг бир таълим соҳасидан иккинчи таълим соҳасига;
  • сиртқи (махсус сиртқи) таълимдан кундузги таълимга ҳамда сиртқи (махсус сиртқи) таълимнинг бир таълим соҳасидан иккинчи таълим соҳасига;
  • бир таълим шаклидан махсус сиртқи таълим шаклига ҳамда махсус сиртқи таълим шаклидан бошқа таълим шаклига;
  • талаба Ўзбекистон ва хорижий олий таълим муассасаларининг ўзаро келишуви асосида қабул қилиниб қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олган ёки таҳсил олаётган бўлса (мазкур қўшма дастурнинг ўзи бундан мустасно);
  • қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолатларда.

Эслатма: Хорижий олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида таҳсил олаётган талабалар ўқишини Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига кўчирилишига рухсат этилмайди.

Олий таълим муассасасида юридик шахс билан тузилган тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар ўқишини кўчириш ушбу юридик шахснинг розилиги билан амалга оширилади.

Ўқишни кўчириш бўйича қўшимча ма‘лумотларни You tube каналдан олишингиз мумкин.

Севинч Толибжонова тайёрлади

#Таълим телеканали   #Мақола  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг