Ўқитувчиларнинг илғор тажрибасини оммалаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномада мактаб миқёсида оммалаштирилган иш учун сертификат берилмаслиги назарда тутилган бўлса-да, аммо айрим шахслар бу нормага зид равишда ўқитувчиларга мактаб миқёсида оммалаштирилган ишлар учун сертификатларни пуллай бошлаган. Ушбу ҳолат “Xalqtaliminfo” ўтказган ўрганиш давомида маълум бўлди.
Қайд этилишича, Мактаб миқёсида оммалаштирилган иш учун берилаётган сертификатнинг нархи эса 49 минг сўм этиб белгиланган. Ишлари мактаб миқёсида оммалаштирилган педагогларнинг шахсий телефон рақамига 4546 рақамидан СМС хабарномалар юборилган. Ушбу хабарда эса мактаб миқёсида оммалаштирилган иш учун PDF шаклдаги сертификатни 49 минг сўм эвазига юклаб олиш таклифи билдирилган.
Бу ишда вазирлик расмийларининг ҳам қўли борми?
Биринчидан, мактабда оммалашган иш учун сертификат олиш таклифи ҳақидаги SMS хабарлар педагогларнинг ommalashtirish.uz платформасидан рўйхатдан ўтган телефон рақамларига юборилган. Яъни, бунда педагогларнинг шахсий маълумотларидан уларнинг рухсатисиз фойдаланилган.
Иккинчидан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази ҳамда А. Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтига тегишли бўлган расмий @ommalashtirishuzbot орқали ҳам педагогларга 49 минг сўмевазига мактаб миқёсида оммалаштирилган иш учун сертификат юклаб олиш таклифи ҳақидаги реклама матнлари юборилган.
Кейинги босқичда эса педагоглар махсус норасмий бот‘га йўналтирилган ва айнан ана шу бот орқали педагогларга сертификатлар пулланган. (Ҳозирда ушбу бот ва ундаги маълумотлар номаълум сабабларга кўра ўчириб ташланган)
Маълумки, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тегишли бўлган расмий @ommalashtirishuzbot платформа бўйича саволларга жавоб бериш ҳамда ундан рўйхатдан ўтишда махсус кодни олиш учун Республика таълим маркази томонидан ташкил этилган. Ушбу бот ҳақида РТМнинг расмий телеграм саҳифасида ҳам маълумот мавжуд.
Учинчидан, ушбу ноқонуний таклифларга алданиб, 49 минг сўмга сертификатни сотиб олган педагогларга ommalashtirish.uz платформасида генерация қилинган, Республика таълим маркази в.в.б директори Д.Норбоева ҳамда А. Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ректори А.Исмаиловнинг электрон ҚР-код шаклидаги муҳри туширилган расмий сертификат тақдим этилган.
Масаланинг эътиборли жиҳати шундаки, мактаб миқёсида оммалаштирилган иш учун тақдим этилган сертификатдаги ҚР-код сканер қилинганда, мазкур сертификат вазирликнинг расмий ommalashtirish.uz платформасида ҳам мавжудлигини кўриш мумкин.
Шунингдек, юқорида тилган олинган “Стартуп-Инвест” МЧЖ тасисчилари аниқланганда, унинг 50 фоиз улуши Республика таълим маркази Рақамли та‘лимни ривожлантириш бўлими бошлиғи (РТМ расмий сайтидаги маълумот бўйича) Дилшод Бобоқуловга, 50 фоизи эса “FALCON HOLDINGS” МЧЖга тегишли эканлигини кўришимиз мумкин. Ушбу маълумотлар шуни англатадики, ўқитувчиларга сертификатларни пуллаш билан боғлиқ ҳолатга бевосита Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги ташкилотларнинг ҳам алоқаси бўлиши мумкин.
Ўқитувчиларнинг шахсий маълумотларидан очиқдан-очиқ фойдаланилгани, уларга расмий бот орқали хабарлар юборилгани, шунингдек, ommalashtirish.uz платформасида ҳам тасдиқланган сертификатнинг тақдим этилгани бу шубҳаларни янада кўпайтирмоқда.
Ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилади
Мазкур ҳолатга Ресоублика таълим маркази томонидан муносабат ҳозирга қадар билдирилмаган. Аммо Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти билдирган муносабатда таъкидланишича, айни пайтда вазирликнинг Коррупцияга қарши курашиш ва ҳуқуқий-назорат бошқармаси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
“Дастлабки маълумотларга кўра, Республика таълим маркази ходими томонидан хизмат вазифасини суистеъмол қилган ҳолда нотўғри хатти-ҳаракатлар амалга оширилган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар юзасидан ҳозирда ушбу ҳолатга чек қўйилган ҳамда келгусида мазкур ходимнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади”, дейилади институт баёнотида.
#Мақола