Ўзбекистонда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш бўйича янги чора-тадбирлар белгиланди. Ушбу ислоҳотлар доирасида мамлакат бўйлаб нодавлат ва оилавий боғчалар тармоғи кенгайтирилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 12 февралдаги қарорига кўра, 2025 йил охирига қадар болаларни боғчага қамраб олиш даражаси 80 фоизга етказилиши керак. Бунинг учун ҳудудий шароит ва аҳолининг тўлов қобилиятини инобатга олган ҳолда турли моделдаги боғчалар ташкил этилади.
Ҳужжатда болалар боғчалари аҳолининг молиявий аҳволига қараб ташкил этилиши белгиланган.
Турмуш даражаси юқори маҳаллаларда (яъни, кам таъминланган оилалар сони кам бўлган ҳудудларда) хусусий инвестициялар асосида нодавлат боғчалар очилади. Бу эса давлат боғчаларидаги навбатлар сонини камайтиришга ёрдам беради.
Олис ва чекка ҳудудларда (туман ва шаҳар марказидан узоқ жойларда) оилавий нодавлат боғчалар ташкил этилади. Булар кичик болалар гуруҳларини қабул қиладиган ва оила муҳити асосида фаолият юритадиган боғчалар бўлиб, улар давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида молиялаштирилади.
Кам таъминланган оилалар кўп бўлган туманларда эса нодавлат мактабгача таълим муассасаларига давлат кредитлари, грантлар ва халқаро молия институтлари маблағлари жалб қилинади.
Бундан ташқари, ижтимоий муассасаларнинг бўш турган биноларида қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилади, бу эса қўшимча боғча ўринларини яратишга ёрдам беради.
Боғчаларни ривожлантириш учун халқаро молиявий кўмак
Боғча тизимидаги ислоҳотларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун Жаҳон банкининг “Эрта ёшдаги болалар ривожланишини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида мактабгача таълим муассасаларини жиҳозлаш, ўйин майдончалари ва тарбияланувчилар учун зарур воситалар билан таъминлаш режалаштирилган.
Шунингдек, 2025–2026 йилларда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш бўйича махсус дастур қабул қилинган бўлиб, унга кўра, 3-7 ёшдаги болаларни боғчага жалб қилиш бўйича аниқ мақсадли кўрсаткичлар белгиланган.
#Янгиликлар