Мақолалар 14/06/2025 Хусусий университетлар лицензиясини қандай текшириш мумкин?

Талаба мақомига эришиш учун йилдан-йилга рақобат кучаймоқда. Талаб ошгани сари таълим майдонида хусусий ва халқаро таълим муассасалари сони ҳам сезиларли равишда ошаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Албатта, бу яхши маънода сифатли таълим учун рақобат келтириб чиқаради. Аммо шундай вақтда вазиятдан ўз манфаати йўлида фойдаланмоқчи бўлган шахслар ҳам учрамоқда. Хўш, фирибгарларга алданиб қолмаслик учун нималарга эътибор бериш керак? Ушбу мақолада нодавлат таълим муассасаларида таҳсил олиш истагидаги барча билиши шарт бўлган маълумотлар ва таълим муассасасини танлашда нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида маслаҳатлар бериб ўтилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сонли қарори билан нодавлат олий таълим хизматларини кўрсатиш бўйича лицензия талаблари ва шартлари тасдиқланган. Шу билан бирга,“Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 31-моддасига биноан, давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларига мувофиқ таълим хизматларини кўрсатувчи лицензияга эга нодавлат олий таълим муассасалари битирувчиларга давлат томонидан тасдиқланган намунадаги таълим тўғрисидаги ҳужжатларни (диплом) беради. Бу эса талаба дипломининг ҳамма жойга “ўтишини” кафолатловчи ҳужжатдир.

Ушбу ҳужжатнинг ҳақиқийлигини  аниқлашнинг бир неча йўллари бор. Энг оддий ва биринчи йўли Нодавлат ОТМларнинг лицензияси ҳақиқийлигини лиcенсе.гов.уз сайтига кириб текшириш мумкин. Сайтнинг «Reр» бўлимида “Ҳужжат рақами”га лицензия рақами киритилса, бу ҳужжатнинг қонунийлиги келиб чиқади.

Кейинги усули эса лицензияда келтирилган QR кодни сканерлаш орқали билиш ҳисобланади. Бунда диққат қаратиш керак бўлган жиҳати маълумотлар айнан license.gov.uz манзилидан келиб чиқиши керак. Лицензияни сайтдан юклаб олгач, албатта, уни сизга тақдим этилган лицензия билан солиштиринг. Кейинги эътибор бериш керак бўлган жиҳат эса, лицензияда айнан сиз таҳсил олмоқчи бўлган муассаса тури келтирилган бўлиши керак. Чунки университет учун берилган ўқув маркази учун олинган лицензияни кўрсатишлари ҳам мумкин.

Нодавлат таълим муассасаси лицензияси қонуний бўлиб чиқди. Лекин бу ҳам ҳали тўлиқ ишончли дегани эмас. Яна нимага қайси жиҳатга эътибор беришимиз керак? Гап шундаки, қонунга мувофиқ нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларга таълимнинг ҳар бир тури учун алоҳида лицензия берилади. Лицензияда фаолиятнинг лицензияланаётган тури, таълим фаолияти йўналишлари рўйхати аниқ кўрсатилади. Яъни айнан сиз муассаса лицензиясида сиз танлаган йўналиш аниқ эканлигига ишонч ҳосил қилинг.

Яна ушбу ҳужжатда манзил ҳам кўрсатилган бўлиши керак. Лицензияда фаолият манзили аниқ кўрсатиб ўтилишининг сабаби эса лицензия беришдан аввал айнан ушбу манзилдаги бино ва ҳудуднинг қарорда белгиланган талаб ва шартларга мувофиқлиги ўрганиб чиқилади. Қонуний филиали мавжуд университетларнинг лицензиясида филиал манзили ҳам кўрсатиб ўтилган бўлади.

Айрим нодавлат олийгоҳлар фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида бошқа вилоятда ҳам қабул офислари фаолиятини йўлга қўйиши мумкин. Бироқ бу ҳолат университет ўша вилоятда ҳам ўқитади, деган маънони англатмайди.

Агар қайсидир нодавлат университетнинг вакиллари сизга бошқа манзилда филиали борлигини маълум қилса, лицензиядаги фаолият манзили қисмида ўша манзил ҳам кўрсатиб ўтилганлигини текшириб кўринг.

Қайта ва қайта такрорлашдан чарчамаймиз, бугунги кунда таълим соҳасидаги рақобат ортиб бораётган бир пайтда, нодавлат таълим муассасасини танлашда ҳушёрлик ва огоҳлик янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Фирибгарлик қурбони бўлмаслик учун ҳар бир абитуриент ва ота-она қонунчиликда белгиланган мезонларга асосланиб, муассаса ҳужжатларининг қонунийлигини синчиклаб текшириши лозим. Айниқса, лицензиянинг мавжудлиги, таълим йўналишининг аниқлиги, фаолият манзили ва ҳужжатларнинг мослигини текшириш — ишончли ва сифатли таълим сари ташланган энг муҳим қадамлардан биридир. Эсда тутинг, сизнинг келажагингизни белгиловчи муҳим қарор — қаерда ўқиш танловидир. Бу қарорни қабул қилишда шошилмасдан, барча маълумотларни аниқлаштириб, фақат ишончли манбаларга асосланинг. Шу тарзда сиз нафақат сифатли таълим, балки ҳуқуқий кафолатланган келажакка ҳам қадам қўясиз.

Манбаа

#Мақола  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг