Янгиликлар 02/06/2025 Ўзбекистонда сиртқи таълим тугатилди: Олий таълим вазири бу борада изоҳ берди

2025-йилги янги ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистонда сиртқи таълим шаклига қабул тўхтатилди. Бу борада Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов “Daryo.uz” ахборот агентлигига берган интервьюсида сиртқи таълимдан воз кечилишининг сабаблари ва бунинг ўрнига таклиф этилаётган муқобил таълим шакллари ҳақида атрофлича маълумот берди.

Асосий сабаб – таълим сифати

Вазирнинг таъкидлашича, сиртқи таълимда ўқитиш сифати талаб даражасида таъминланмаётгани асосий сабаб бўлган. Унга кўра, кўплаб талабалар иш билан банд бўлгани сабабли дарсларда тўлиқ иштирок эта олмаяпти. Бу эса таълим мазмуни ва сифатига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

“Биз бу йўналишда таълим сифатини 100 фоиз таъминлаб бера олмаймиз. Чунки биламизки, талабаларнинг кўпчилиги иш билан банд, вақтида дарсга кела олмайди. Буни ҳаммамиз кўриб турибмиз, яширишга ҳожат йўқ,” — деди Қўнғиротбой Шарипов.

Ўрнига масофавий ва узайтирилган таълим жорий этилади

Сиртқи таълим тўлиқ бекор қилинмаган, балки унинг ўрнига замонавий ва сифатли таълимни таъминловчи муқобил шакллар жорий этилмоқда. Хусусан, масофавий ва узайтирилган таълим тизимлари кенг йўлга қўйилади. Масофавий таълимда талабалар компьютер орқали дарсларга ҳар куни қатнашиши, билимини назорат қилиш тизими эса янада кучайтирилиши кўзда тутилган.

“Энди ўқийман деган ёшлар масофавий таълимга кириши мумкин. Назорат кучлироқ — талаба ҳар куни компьютеридан дарсга кириб, ўқиши керак бўлади. Имтиҳонларда ўрнига бошқа одам кирса ёки ъшпаргалкаъ ишлатмоқчи бўлса, тизим автоматик тарзда буни аниқлайди,” — деди вазир.

Дунё тажрибасига мослашув

Вазир Шариповнинг сўзларига кўра, дунёда сиртқи таълим шакли деярли мавжуд эмас. Ўзбекистон ҳам халқаро тажрибага таяниб, таълим тизимини кредит-модуль асосига ўтказмоқда. Бу эса талабаларга янада мослашувчан, сифатли ва замонавий таълим олиш имконини беради.

“Европа, АҚШ ёки бошқа ривожланган давлатларда кундузги, кечки, масофавий ва узайтирилган таълим шакллари мавжуд. Биз ҳам шу йўлдан кетаяпмиз,” — дея қўшимча қилди у.

Амалдаги сиртқи талабалар ўқишни давом эттиради

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳозирги вақтда сиртқи таълим шаклида ўқиётган талабалар учун ўқув жараёни белгиланган тартибда давом этади. Улар танлаган йўналишлари бўйича ўқишни якунлаб, тўлиқ олий маълумотли мутахассис сифатида дипломга эга бўладилар.

Вазирлик расмий маълумотларига кўра, сиртқида таҳсил олиб, диплом олганлар Ўзбекистон қонунчилигига биноан кундузги, кечки ёки масофавий шаклда олинган диплом билан тенг юридик кучга эга бўлади.

#Янгиликлар  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг