Педагог ходимларнинг фарзандлари давлат олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт суммасининг 30 фоизини давлат қоплаб беради. Таълим ва илм-фан вазирлиги бу имтиёз қандай татбиқ этилиши ҳақидаги асосий саволларга жавоб берди.
Чегирма педагогларнинг давлат ОТМларида таҳсил олаётган фарзандларига берилади. Имтиёз Ўзбекистон фуқароларига, шунингдек, Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам татбиқ этилади. Талаба базавий тўлов-контракт асосида, бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида ўқиши шарт. Ярим грант, ярим контракт асосида ўқиётганлар ҳам чегирма олади. Супер-контракт асосида ўқиётганлар эса имтиёздан фойдалана олмайди, чунки 501-сон қарор билан тасдиқланган Низомга кўра чегирма базавий контрактга нисбатан белгиланган.
Контракт пулини олдиндан тўлиқ ёки қисман тўлаган бўлсангиз ҳам чегирмадан фойдаланish мумкин. Ариза беришдан олдин жорий ўқув йилига расмийлаштирилган контракт шартномаси бўлиши керак. Стипендияли контракт бўлса, 30 фоиз стипендиясиз контракт суммасидан келиб чиқиб ҳисобланади. Шартнома умумий суммаси ўзгармайди, лекин унга тегишли ўзгартириш киритилади: талаба сумманинг 70 фоизини тўлайди, 30 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қопланади.
Чегирма бир ўқув йилида педагогнинг ҳар бир фарзанди учун бир марта қўлланилади. Педагогик лавозимларнинг тасдиқланган рўйхати 2026-йил 9-июнда давлат рўйхатидан ўтказилган 3849-сонли қарор билан белгиланган.
Манба: Oliy ta'lim, fan va innovatsiyalar vazirligi
#Кутубхона #Олийгоҳлар #Имтиёз #Контракт #Контракт тўлови