Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарори билан тасдиқланган “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 4-бобида апелляция бериш тартиби белгиланган.
Низомга кўра, аттестация натижаларидан норози бўлган педагоглар натижалар эълон қилинган кундан бошлаб ўн кун ичида апелляция комиссиясига ёзма равишда ариза (шикоят) беришлари керак бўлади.
Апелляция комиссиясига мурожаат қилиш ёзма равишда ёки вазирликнинг расмий веб-сайти орқали электрон тарзда амалга оширилиши мумкин.
Бунда ариза (шикоят) рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн кун муддатда, қўшимча ўрганишлар талаб этилганда эса малака тоифаси сертификатлари шакллантирилгунгача қадар кўриб чиқилади.
Мурожаат этувчи педагог кадрлар апелляция комиссияси томонидан мурожаати кўриб чиқилиши жараёнида бевосита ёки масофадан туриб онлайн тарзда иштирок этиши ҳам мумкин.
Ариза кўриб чиқилганда ўқув фани бўйича ёки малака синовларини ўтказиш жараёнида ташкилий-техник жиҳатдан камчиликлар мавжудлиги аниқланса, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тест синовларининг қайтадан топширилишини ташкил этиши лозим бўлади.
Масалан, 2024 йил 15–16 апрель куни Информатика ва ахборот технологиялари фанидан бўлиб ўтган аттестация тест синовлари вақтида ҳам pedkadr.uzedu.uz платформасида носозликлар юзага келиб, ишламай қолган. Бу ҳолатда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2024 йилнинг 22 май куни айнан шу фандан қайта аттестация ўтказган.
Шу сабабли, агар тест жараёнида ташкилий-техник жиҳатдан муаммолар кузатилган бўлса, педагог ходимлар дарҳол апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон равишда ариза (шикоят) беришлари керак.
#Мақола