Савол: Икки маротаба педагоглар аттестациясида (бир марта мажбурий ва бир марта навбатдан ташқари) иштирок этган, аммо иккала ҳолатда ҳам аттестация синовларидан ўта олмаган олий маълумотли ўқитувчини ишдан бўшатиб, унинг иш ставкасини ҳали олий таълимни тугатмаган (сиртқи таълимда 5-курс талабаси) ўқитувчига бериш мумкинми?
Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарорига 1-илова “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида” низом педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини белгилайди.
Мазкур низомнинг 44-бандига кўра, мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозимидаги педагог кадрлар навбатдаги мажбурий аттестациядан ўта олмаган тақдирда, иш берувчи ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли у билан тузилган меҳнат шартномасини меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш ҳуқуқига эга.
Низомнинг 44-1-бандига кўра, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилмаган тақдирда, навбатдаги мажбурий аттестациядан ўта олмаган мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозимидаги педагог кадр навбатдан ташқари аттестацияга кўпи билан уч марта жалб этилади.
Бунда уч мартадан бирортасида ҳам навбатдан ташқари аттестациядан ўта олмаган ёки узрли сабабсиз (касалликка чалиниши оқибатида узоқ муддатли меҳнатга қобилиятсизлик ҳамда давлат ёки жамоат вазифаларини бажарганлигидан ташқари ҳолларда) аттестацияда иштирок этмаган педагог кадр билан тузилган меҳнат шартномаси ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли бекор қилинади.
Юқоридаги вазиятдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳозирда аттестациядан ўтмаган ўқитувчининг дарс тақсимоти бўйича даражаси “Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги низом (рўйхат рақами: 3271) талаблари бўйича олий маълумотли тоифасиз ўқитувчи сифатида олий таълим муассасаларининг педагогик йўналиш бўйича битирувчиси босқич талабларидан бир поғона юқорида турибди.
Демак, ушбу вазиятда аттестациядан ўтолмаган жисмоний тарбия фани ўқитувчиси билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши учун у яна икки марта навбатдан ташқари аттестацияга жалб қилиниши керак бўлади.
#Мақола