Хабарингиз бор, 2025-2026-ўқув йили учун абитуриентларни рўйхатга олиш 5 июндан 25 июнга қадар (шу куни ҳам) давом этиши ҳақида хабар берган эдик.
Яъни эртага қабулнинг охирги куни бўлгани учун тестга киришда тўланадиган тўловни ҳам эртадан кечиктирмай қилиш керак.
Тўлов эртага 25 июнь куни соат 23:59 гача қабул қилинади. Ундан кечикса абитуриент рўйхатдан ўтмаган деб ҳисобланади ва тест синовларига қўйилмайди.
25 июнь 23:59 гача шахсий маълумотларингизни ўзгартиришингиз мумкин (тўлов қилинган бўлса ҳам). Аммо қабул тугагач, барча маълумотлар қатъий ҳисобланади. Шу кундан кейин сертификатларни қўшиб ҳам, маълумотларни таҳрирлаб ҳам бўлмайди.
Аввалги йилларда битирганлар тестга кириш учун 187 минг 500 сўм миқдорида тўлов қилиши керак бўлади. Тўловни белгиланган муддатга қадар бўлиб тўлаш ҳам мумкин, ундан кечикса, тестга киритилмайди.
Имкон қадар тўловни ҳам охирги дақиқаларга қолдирманг. Серверга юклама ортиши муносабати билан тизим ишламай қолиши мумкин ва бу сизга кутилмаган муаммоларни юзага келтиради.
Қуйидагилар тестга кириш учун тўловдан озод қилинган:
— таълим муассасасини жорий йилда тугатганлар;
— Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчалари битирувчилари;
— тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар;
— ногиронлиги бор шахслар;
— ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган шахслар ва уларнинг фарзандлари;
— “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар.
#Мақола