Мақолалар 24/07/2025 Энди магистратура ва докторантурага кириш учун чет тили сертификати керак эмасми?

✅ Қисқа жавоб: керак, сертификат бекор бўлгани йўқ.

🔻Батафсил жавоб: Кеча ижтимоий тармоқларда шу ҳақида постлар тарқалгандан сўнг, саволлар кўпайди. Шунга изоҳ бермоқчиман.

2025 йил 19 июлдаги ПФ-114-сонли Президент фармони  билан бир қатор ҳужжатларга ўзгаришлар киритилди ва айримлари тўлиқ ўз кучини йўқотди. Масалан, ушбу фармон билан мактаб ўқувчиларининг охирги 6 йиллик ўртача баҳоси тест балига қўшилиши бекор бўлгани ҳақида ёзгандим.

Ушбу фармонда 2021 йил 19 майдаги ПҚ-5117-сонли Президент қарорининг 6-банднинг тўртинчи хатбошиси чиқариб ташланиши ҳам белгиланган. Ушбу хатбошида шундай дейилган эди:

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларининг магистратура мутахассисликларига ҳамда олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига танловларда миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга шахслар иштирок этиши тартиби жорий этилсин. Бунда, филология йўналишлари бўйича камида C1 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификат, нофилологик йўналишлари бўйича эса B2 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификат талаб этилиши назарда тутилсин.

Мана шу банд чиқариб ташланди, яъни ўз кучини йўқотди. Лекин бу сертификатлар бекор бўлганини англатмайди. Шунчаки 2021 йилдаги мазкур қоиданинг ўзи эскирган эди. Ўтган 2024 йилда магистратура ва докторантурага хорижий тил билиш даражасининг янги қоидаси белгиланган.

2024 йил 24 майдаги ПФ-81-сонли Президент фармонида қуйидаги янги талаблар белгиланган:

4. Белгилансинки, магистратура мутахассисликлари ва олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига қабул қилишда хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификатлар қуйидаги даражаларда талаб этилади:

хорижий тиллар йўналишлари бўйича —

камида C1 даражасида;

гуманитар, биологик ва турдош фанлар, математика ва статистика, бизнес ва бошқарув, ҳуқуқ, хизмат кўрсатиш, ижтимоий ва хулқ-атворга мансуб фанлар, журналистика ва ахборот, ахборот-коммуникация технологиялари таълим соҳалари бўйича —

камида Б2 даражасида;

бошқа таълим соҳалари ҳамда маданият ва спорт мутахассисликлари (ихтисосликлари) бўйича —

камида Б1 даражасида.

Кўриб турганингиздек, янги қоидаларда Б1 даражага ҳам рухсат берилганди.

❗️ХУЛОСА: 2021 йилдаги қарордан сертификатга оид хатбошининг чиқариб ташланганига асосий сабаб, ушбу қоидалар эскиргани ва амалда эмаслиги эди. Магистратура ва докторантурага тил билиш даражасининг янги қоидалари 2024 йилдаги қарор билан белгиланган ва у ўз кучида турибди.

#Мақола  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг